Пойтахтда халқаро антидопинг семинари ўтказилди
Тошкент шаҳрида «Ўзингизни ва спортингизни ҳимоя қилинг» шиори остида халқаро антидопинг семинари ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси, Халқаро тестлаш агентлиги (ITA) ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги (UzNADA) ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарда Халқаро тестлаш агентлиги эксперти Райли Макгоун, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари, шунингдек, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ҳасан Жалуд иштирок этди.
Тадбир давомида халқаро ва маҳаллий мутахассислар томонидан антидопинг соҳасидаги сўнгги янгиликлар, халқаро талаблар ҳамда амалиётда қўлланиладиган жараёнлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Муҳокамаларда антидопинг қоидалари ва уларнинг асосий талаблари, допинг-назорат жараёнини шаффоф ва тўғри ташкил этиш, спортчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, тақиқланган моддалар ва усуллар рўйхатига оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тиббий зарурат туфайли тақиқланган препарат ёки усулдан фойдаланишга рухсат берувчи терапевтик истисно — ТUE олиш тартиби ҳам тушунтирилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, антидопинг талабларига амал қилиш бўйича тавсияларга эга бўлди.
Таъкидланганидек, бундай тадбирлар спортчилар, мураббийлар ва спорт соҳаси мутахассисларининг антидопинг қоидалари бўйича хабардорлигини ошириш, допинг хавфининг олдини олиш ҳамда мамлакатда ҳалол ва тоза спорт тамойилларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА