Теннисчиларимиз J100 халқаро турнирида ғолиб бўлди
Фарғона шаҳрида ўсмирлар ўртасида теннис бўйича J100 тоифасига кирувчи халқаро турнир ўз якунига етди.
Дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан ташриф буюрган ёш теннисчилар иштирокида ўтган мусобақада ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида нейтрал мақомда иштирок этган Александер Куницин финалда япониялик Кенсуке Кобаяшини 6:1, 6:3 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.
Жуфтликлар баҳсида эса ҳамюртларимиз Данила Квасов ва Маҳмудбек Бекназаров чемпионликни нишонлади. Улар ҳал қилувчи учрашувда Абдураҳмон Каримов ҳамда тожикистонлик Сомон Амонов жуфтлигини 7:5, 6:7, 10:8 ҳисобида мағлуб этди.
Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида нейтрал теннисчи Дария Подсипанина зафар қучди. Жуфтликлар баҳсида эса Нигина Алимова ва россиялик Василиса Марченкодан иборат тандем барча рақибларини ортда қолдириб, мусобақа ғолибига айланди.
Шу тариқа, Фарғонадаги нуфузли халқаро мусобақада Ўзбекистон вакиллари икки йўналишда — ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида чемпионликни қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА