Пойтахт билан яна икки вилоят йўналишида юқори тезликдаги поезд ҳаракати режалаштирилди
Корея Республикасида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бош муҳандиси Қодиров Шарофиддин, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бўлим бошлиғи Анвар Душаев ҳамда "Hyundai Rotem" компанияси президенти Леэ Ёнг Баэ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама этишди, дейилади, Транспорт вазирлиги маълумотида. Унда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ учун ишлаб чиқарилаётган “Жалолиддин Мангуберди” юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездни етказиб бериш лойиҳасининг белгиланган муддатларда амалга оширилиши юзасидан маълумот алмашилди.
Шунингдек, “Тошкент – Андижон” ва “Тошкент – Термиз” йўналишларида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини ташкил этиш мақсадида 8 та замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни етказиб бериш лойиҳаси юзасидан техник шартларни якуний келишиш билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама этилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Марҳабо Ҳожиакбарова, ЎзА