Сув хўжалиги тизими ходимлари “Заковат”да куч синашмоқда
Бугун пойтахтимизда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўйича “Мустақиллик кубоги” турнири ташкил этилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур беллашувда республика тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 22 та жамоа иштирок этяпти.
Интеллектуал баҳсларда иштирокчилар мантиқий ва танқидий фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш, кенг дунёқараш ҳамда билим салоҳиятини намоён этмоқда. Саволларга жавоб топиш асносида жамоалар нафақат билим ва зукколигини, балки ҳамжиҳатлик ва биргаликда қарор қабул қилиш маҳоратини ҳам синовдан ўтказяпти.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюновнинг таъкидлашича, бундай интеллектуал мусобақалар тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бирга, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.
– Бугунги кунда билимли, кенг дунёқарашга эга ва тезкор фикрлайдиган кадрлар ҳар бир соҳанинг ривожида муҳим аҳамият касб этади. “Заковат” каби беллашувлар ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиши, янги билимларга қизиқишини ошириши ва жамоавий ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаши билан аҳамиятли. Турнирни ўтказишдан кўзланган мақсадлардан яна бири – тизим ходимлари ўртасида китобхонлик, изланиш ва билимга интилиш муҳитини рағбатлантириш, иқтидорли иштирокчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – деди Ш.Суюнов.

Мусобақа якунида энг юқори натижа қайд этган жамоалар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА