Рамин Шарифов: Ўзбекистон ва Озарбайжон янги иқтисодий занжир яратмоқда
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати сиёсий-дипломатик ва иқтисодий йўналишда бирдек жадал ривожланмоқда. Савдо, инвестиция, саноат, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларидаги қўшма лойиҳалар икки мамлакат иқтисодий салоҳиятини юзага чиқармоқда.
Бу ҳақда Бокуда фаолият юритаётган Ўзбекистон – Озарбайжон Тижорат уйи директори Рамин Шарифов АзерТАЖга маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ўзаро савдо ўсиши иқтисодий муносабатдаги янги босқични яққол кўрсатмоқда.
2025 йил товар айланмаси уч баробар ошиб, 795 миллион долларга етди. Жорий йил январь-июль ойларида эса бу кўрсаткич 200 миллион доллардан ошган. Сармоявий ҳамкорликда 2023 йил 500 миллион доллар низом жамғармаси билан ташкил этилган Инвестиция компанияси муҳим механизм сифатида майдонга чиқди.
Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар сони ортиши ҳам иқтисодий алоқа кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади. Ўтган йил 280 шундай жамоа, жумладан 58 қўшма ва 222 хусусий корхона фаолият юритган бўлса, жорий йил июль ойига келиб жами рақам 442 ни ташкил этган.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати: ўзаро алоқа товар айирбошлаш доирасидан чиқиб, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларига ўтмоқда. 2025 йил саноат, қурилиш, ишлаб чиқариш ва инфратузилма соҳаларида қатор ҳужжатлар имзоланди. Қуруқ қурилиш аралашмаси ва гипсли картон ишлаб чиқариш, Наманганда уй-жой қурилиши, сут маҳсулотлари, маиший кимё воситалари ҳамда юқори кучланишга чидамли сим шулар жумласидан.
Мулозим фикрича, айни тенденция иқтисодий ҳамкорлик мазмуни ўзгараётганини англатади. Аввал асосий эътибор тайёр маҳсулот савдосига қаратилган. Энди эса қўшилган қиймат яратадиган ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга урғу берилмоқда.
Транспорт-логистика йўналиши ҳам шерикликнинг муҳим таркибий қисмига айланяпти. Озарбайжон Каспий денгизи орқали Марказий Осиё ва Европани боғлайди. Ўзбекистон минтақанинг йирик иқтисодиёти сифатида қўшни бозорларга чиқиш имконига эга.
Шу нуқтаи назардан Ўрта йўлак, Каспий орқали ташув ва янги логистика имконияти икки томонлама савдони янада ошириш учун улкан салоҳиятга эга. Ўзбекистон томонининг Озарбайжон маҳсулотларини Термиздаги логистика инфратузилмаси орқали қўшни бозорларга чиқариш имкониятига қизиқиши эса иқтисодий ҳамкорлик географияси кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА