Польша Россия элчисига кескин нота топширди (+видео)
Россиянинг Варшавадаги элчиси Георгий Михно жума куни Россия ракеталари Польша ҳудудига ўтгани сабабли мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Элчи вазирликда атиги тўққиз дақиқа бўлди. У ракеталар РФга тегишли эканини рад этди, деб хабар берган “Euronews”.
Россиянинг Украинага ҳужуми вақтида Польша ҳудудига учта қанотли ракета тушган. Вазирликка киришидан олдин журналистлар рус ракеталари нима учун ушбу давлат ҳудудига ўтганини сўраганда элчи “Россиянинг бу ҳодисага ҳеч қандай алоқаси йўқ”, — дея жавоб берган.
Идорадан чиққандан сўнг Михно журналистлар саволига жавоб бериш ўрнига тайёрлаган баёнотини ўқиб эшиттирган.
Унинг айтишича, ракеталар айнан Россияга тегишли эканини исботлайдиган аниқ далил келтирилмаган.
Дипломат Москвага қўйилаётган айбловни асоссиз деб атади ва Польша ҳукуматини Россияга қарши кайфиятни кучайтиришда айблади.
– Ҳозиргача ушбу объектлар қаердан келганини аниқ кўрсатадиган ишончли далил тақдим этилмади, – деган у. – Россияни асоссиз айблов ва тахмин орқали жавобгар қилишга уринишмоқда.
Михно фикрича, расмийларнинг бу борадаги чиқиши Россияга қарши кайфиятни кучайтиради.
Элчидан кейин Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мацей Вевюр журналистлар олдида чиқиш қилиб, бош рус дипломатига ўта кескин нота топширилганини маълум қилди:
– Жаноб элчига жуда кескин нота топширилди. Дипломатияда ҳар бир сўз муҳим. Шунинг учун нота ўта қатъий мазмун касб этганини алоҳида таъкидлайман.
Унинг айтишича, Польша Россия ҳаракатига нисбатан расмий норозилик билдирган. Зеро, бундай қадам нафақат бир мамлакат, балки НАТО давлатлари хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.
Журналистлар ҳукумат Россия элчисини мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштираётгани ҳақидаги фараз юзасидан ҳам изоҳ сўрашди.
Вевюр айни эҳтимолни инкор этмаган ҳолда, шошилинч қарор қабул қилмаслик кераклигини билдирган.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА