Европа технологик уйқудан уйғонмоқчи
Европа Иттифоқи АҚШ ва Хитой билан рақобатда ортда қолмаслик учун квант технологияси соҳасига 50 миллиард евро сармоя жалб этишни режалаштирган. Еврокомиссия тақдим этган янги “Квант технологияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қитъада соҳани ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва кибер хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Квант технологияси ҳисоблаш қувватини кескин ошириш, алоқа хавфсизлигини кучайтириш ва янги ўлчов ускуналари яратиш имконини беради. Бундай компьютерлар ҳозирги шифрлаш тизимини бузиши ҳам мумкин. Шу боис ЕИ 2030 йилгача муҳим инфратузилмада, 2035 йилга қадар эса бошқа тизимларда ҳам янги авлод криптографиясига ўтиш режасини тузган. Мазкур ташаббус ҳар бир аъзо давлатда тегишли компанияларга техник ёрдам берадиган марказлар ташкил этишни ҳам назарда тутади.
Режанинг яна бир муҳим қисми – Европа технология мустақиллиги учун махсус жамғарма ташкил этиш. Шу йўл билан квант технологияси ва сунъий интеллект каби стратегик соҳаларга хусусий сармоя жалб қилинади. Европа Комиссияси ҳар бир евро давлат маблағига олти еврогача хусусий инвестиция киритишни кўзлаяпти. Жамғарма 2028 йилгача ишга туширилади. Қонун лойиҳаси энди парламент муҳокамасига киритилади.
Мусулмон Зиё,
ЎзА