Полина Германия турнирида иштирок эта олмайди
Германиянинг Берлин шаҳрида аёллар ўртасида WTA 500 тоифасига кирувчи “Berlin Open – 2026” халқаро турнирида икки нафар теннисчимиз Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Кутилмаганда мамлакатимизнинг учинчи рақамли теннисчиси Полина Кудерметова номаълум сабабларга кўра мусобақада иштирок эта олмаслигини эълон қилди. Аслида у халқаро турнирнинг асосий тўр баҳсларига йўлланма берувчи саралаш босқичининг биринчи даврасида австриялик Синья Краусга қарши кортга чиқиши керак эди. Энди П.Кудерметова ўрнига хитойлик теннисчи Лин Чжу иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, “Berlin Open – 2026” халқаро мусобақасининг саралашида Мария Тимофеева мексикалик Рената Сарасуа билан куч синашади. Ушбу баҳс бугун 15 июнь куни бўлиб ўтади.
Маълумот ўринда мазкур мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси тахминан 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этади. Аёллар ўртасидаги яккалик баҳси ғолиби 500 рейтинг очкоси билан бирга 161 минг 310 евро мукофот пулини қўлга киритади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА