Покистонлик тадбиркорлар Оролбўйи халқаро инновация марказига ташриф буюрди
Покистон Ислом Республикасининг Оқара шаҳри тадбиркорлари делегацияси Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Оролбўйи халқаро инновация марказига ташриф буюрди.
Учрашув давомида меҳмонлар марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, унинг илмий-тадқиқот ва инновацион салоҳияти, шунингдек, Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишдилар.

Меҳмонларга марказнинг замонавий лабораториялари, ўсимлик генетик ресурслари, генбанки, инновацион иссиқхона мажмуалари, тажриба майдонлари, шунингдек, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шўрга чидамли қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумот берилди. Марказнинг Оролбўйини барқарор ривожлантириш, минтақанинг экологик хавфсизлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятига замонавий илмий ечимларни жорий этишга қаратилган инновацион ишланмалари меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Мулоқот давомида томонлар инновациялар, экологик барқарор қишлоқ хўжалиги, замонавий технологияларни жорий этиш, тажриба алмашиш ва қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
Ташриф якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва инновациялар, экология ва барқарор ривожланиш соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири