Пластик карталардан ноқонуний ечилган пуллар эгаларига қайтарилди
Бугунги кунда фуқаролар картасидан ноқонуний тарзда пул ечиб олиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Банк ва суғурта хизматларидан фойдаланишда истеъмолчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси назорат ҳамда эътиборни кучайтирди. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан кредит ажратишда мажбурий суғурта, муддатли тўлов, суғурта товони, пул ўтказмалари ва банк шартномалари бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Мисол учун, Рақобат қўмитасига фуқаро У. Ё томонидан “CROSS PAY” АЖ фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда фуқаро банк картасидан 25 миллион 200 минг сўм маблағ ноқонуний ечиб олинганидан норозилик билдириб, ушбу маблағни қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Қўмита томонидан мурожаатда қайд этилган ҳолат ўрганиб чиқилиб, натижада истеъмолчининг 25 миллион 200 минг сўм маблағи нақд пул шаклида қайтарилиши таъминланди. Шунингдек, яна бир ҳолатда фуқаро М. Тнинг “CROSS PAY” АЖ томонидан банк картасидан ечиб олинган 5 миллион 620 минг сўм маблағи ҳам Қўмита аралашуви билан пластик картасига қайтарилди. Рақобат қўмитаси аралашуви билан икки нафар истеъмолчининг жами 30 миллион 820 минг сўм маблағи қайтарилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида ҳам шу каби ҳолатлар содир бўлган ва ҳудудий бўлимларга шикоят аризалари йўлланган. Қўмита мурожаатларни кўриб чиққач, даъво аризалари мурожаатчилар фойдасига ҳал бўлган.
Мисол учун, Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқарога Россия Федерациясидан юборилган пул ўтказмаси "Unversalbank" АТБ Қарши филиали томонидан икки ой давомида берилмаган. Ҳудудий бошқарма аралашуви билан фуқаронинг 37 миллион сўмдан ортиқ маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Рақобат қўмитаси банк ва суғурта хизматлари соҳасида истеъмолчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
Н.Раҳмонова,
ЎзА