Пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди
Шу кунларда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси ва айланмасига қарши курашиш, уларнинг аҳоли хавфсизлигига салбий таъсирининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Бўка туман бўлими ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Нурафшон шаҳар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида автотураргоҳда турган “Damas” ва “Nexia 3” русумли автомашиналар хизмат ити иштирокида, холислар ҳузурида кўздан кечирилди. Унда автомобиллар салони ва юкхона қисмида жами 15 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди. Улар белгиланган тартибда олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА