Болага қарши жиноят иши қўзғатилганда Болалар омбудсмани хабардор қилинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида ёпиқ суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болага қарши жиноятлар тўғрисида маълумотлар олган тақдирда жиноят ишини қўзғатиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, бу ҳақда Болалар омбудсманини хабардор қилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, вакилнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Вакилни сайлаш, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш, шунингдек, у томонидан парламентга тақдим этиладиган маърузани эшитиш масалалари тартибга солинмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, Болалар омбудсмани фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур институтнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА