Педагогик маҳорат марказларининг Республика форуми ўтказилди
Сирдарё вилояти педагогик маҳорат марказида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган педагогик маҳорат марказлари раҳбарларини бир майдонда жамлаган Республика форуми бўлиб ўтди. «Педагогик маҳорат маркази: курсдан — касбий ривожланиш экотизимига» мавзусида ташкил этилган тадбирда педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлаш, марказлар фаолиятини такомиллаштириш ва замонавий таълим ёндашувларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Форумда Андижон, Наманган, Жиззах, Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари педагогик маҳорат марказлари раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбир аввалида иштирокчилар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида марказ ҳудудига дарахт кўчатлари экишди. Бу ташаббус экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитни асраш ва ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшишга қаратилди.
Шундан сўнг меҳмонлар марказнинг янги биносида яратилган шароитлар билан танишдилар. Экскурсия давомида музей, мактабгача таълим лабораториялари, ситуатсион ўқув хонаси, STEAM лабораторияси, тест маркази, EduStream видеостудияси, методик хизмат бўлими, спорт зали, кутубхона, ахборот-ресурс маркази ва замонавий ўқув хоналари кўздан кечирилди.
Ушбу инфратузилма педагогларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини ўзлаштириш ва касбий изланишларини қўллаб-қувватлаш учун яратилган имкониятлардан далолат беради.
Форумни Сирдарё вилояти педагогик маҳорат маркази директори Гуласал Бердалиева кириш сўзи билан очиб, ҳудудий марказда амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар, мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берди. У педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлаш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларини мунтазам такомиллаштириб боришда марказлар фаолияти муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
[gallery-32625]
Тадбир давомида марказ фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Унда муассасанинг шаклланиш тарихи, бугунги фаолияти, замонавий инфратузилмаси ва ривожланиш йўналишлари акс эттирилди.
Марказ директори ўринбосари Ҳ. Отабоев «Маҳорат марказларида рақамлаштириш жараёнлари ва унинг аҳамияти» мавзусида тақдимот ўтказди. Унда таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий платформалар имкониятларидан фойдаланиш ва касбий ривожланиш жараёнларини такомиллаштириш масалалари ёритилди.
Республика форумининг муҳим жиҳатларидан бири ҳудудий марказлар раҳбарлари ўртасидаги тажриба алмашинуви бўлди. Жиззах вилояти педагогик маҳорат маркази директори Ижод Аҳмедов ҳамда Самарқанд вилояти педагогик маҳорат маркази директори Анвар Собировлар сўзга чиқишиб, форумнинг аҳамияти, муҳокама этилаётган масалаларнинг долзарблиги ва Сирдарё марказида яратилган шароитлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Иштирокчилар марказлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарали иш тажрибаларини ўрганиш, илғор методик ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва оммалаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
Форум доирасида «Умумий ўрта ва мактабгача таълим ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими» мавзусида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Муҳокамаларда педагогларнинг касбий эҳтиёжларини аниқлаш, индивидуал ривожланиш йўналишларини белгилаш, замонавий педагогик ёндашувларни таълим амалиётига жорий этиш ва методик хизмат самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Энг муҳими, Сирдарёда ўтказилган Республика форуми педагогик маҳорат марказлари фаолиятини янги мазмун билан бойитиш, ҳудудлар ўртасида тажриба алмашиш ва педагогларнинг касбий ривожланишига қаратилган замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш йўлидаги муҳим мулоқот майдони бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат)? ЎзА