Бир байроқ остида бир халқ, бир Ватан
Куни кеча Ўзбекистон давлат хореография академиясида Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан “Байроғим – ғурурим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тантанали маросим мадҳиямиз садолари остида байроғимизни кўтариш билан бошланди. Сўнгра миллий рамзимизнинг тарихи, мазмун-моҳияти ва халқимиз ҳаётидаги ўрнига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Анжуманни ЎзДХА ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасимов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи куни билан табриклаб, талабаларга илм-фан ва ижод йўлида муваффақият тилади.

Академиянинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Наргиза Алимова бошчилигида ташкил этилган мазкур йиғинда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Маҳфират Зикирова, Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳмонали Салимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ахтам Каримов ҳамда “Ниҳол” давлат мукофоти соҳибаси Адолат Исмоилова ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Давлат байроғи халқимизнинг миллий ўзлиги, мустақиллиги, шаъни ва ғурурини ифода этувчи муқаддас рамз эканини таъкидлашди.
Айниқса, байрам дастуридан ўрин олган куй-қўшиқлар ва академия талабаларининг рақс чиқишлари тадбирга ўзгача файз бағишлади. Қолаверса, талаба-қизлар томонидан мустақил яратилган рақс композицияси ёшларнинг ижодий салоҳияти ва ташаббускорлигини ўзгача тарзда намоён этди.

Дарҳақиқат, Давлат байроғи – Истиқлол тимсоли, миллий ифтихоримиз ва ёруғ келажагимиз рамзидир! Уни эъзозлаш, қадрлаш ва унга муносиб бўлиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Ирода Аҳмадова,
ЎзДХА “Санъатшунослик” таълим йўналиши 2-босқич талабаси