Ўзбекистон – Кения: таълимдаги ҳамкорлик
Таълим ҳамиша такомиллашувни талаб қиладиган тизим. Бунда халқаро тажрибаларни қўллашнинг аҳамияти катта. Фарғонадаги Central Asian Medical University бу борада йирик ва кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳозирда Америка, Европа ва Осиёдаги ТОП университетлар билан режали – амалий ҳамкорлик мавжуд. Энди бу тиббиёт олий ўқув юрти Африка қитъасининг етакчи турдош университетлари билан қўшма лойиҳалар тузмоқда.
Кения Республикасининг Kisii университети билан стоматологик жарроҳлик бўйича қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Айни пайтда CAMU делегацияси Кенияда бўлиб турибди.

Kisii университети ректори, профессор Нейтан Огечининг маълум қилишича, ҳамкорлик доирасида стоматология бўйича мутахассислар тайёрлаш учун зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва таълим дастурини амалга оширишга кўмаклашувчи техник мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган. CAMU бу ерда стоматология факультетини очиб, Фарғона тажрибасини жорий этади.

Kisii университетининг саккизта академик мактабида 20 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Олий таълим муассасасида тиббиёт, ҳуқуқ, педагогика, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, бизнес ва иқтисодиёт соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланади.
Тиббиёт соҳасида даволаш иши ва жарроҳлик, фармация, ҳамширалик иши ҳамда жамоат саломатлиги бўйича таълим дастурлари мавжуд.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА