Хатирчида янги маънавият маскани қад ростламоқда
Хатирчи туманида аҳоли учун яна бир хайрли ва аҳамиятли лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни пайтда туман марказида замонавий “Умуммиллий бирдамлик боғи” ҳамда очиқ осмон остидаги кутубхона барпо этиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун замонавий ва қулай жамоат масканларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хатирчида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Янги барпо этилаётган очиқ осмон остидаги кутубхона китобсеварлар учун ҳақиқий маънавият масканига айланиши кутилмоқда. У ерда турли ёшдаги китобхонлар учун қулай шароитлар яратилиб, табиий ва шинам муҳитда мутолаа қилиш имконияти бўлади. Бу эса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини янада кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
“Умуммиллий бирдамлик боғи” эса оилалар учун севимли ҳордиқ чиқариш маскани бўлиши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида болалар учун замонавий ўйин майдончалари, яшил ҳудудлар, майсазорлар ва дам олиш учун қулай инфратузилмалар барпо этилмоқда. Табиат ва замонавий архитектура уйғунлигида яратилаётган ушбу боғ аҳолининг мазмунли дам олиши учун хизмат қилади.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳалар 2025 йилги “Open Budget” ташаббуси доирасида аҳоли томонидан қўллаб-қувватланган. Натижада кутубхона лойиҳаси учун 1 миллиард 300 миллион сўм, “Умуммиллий бирдамлик боғи” учун эса 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ютиб олинган.
Хатирчида амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари туманнинг замонавий қиёфасини шакллантириш билан бирга, аҳолининг маънавий эҳтиёжларини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири