Янги Ўзбекистон армияси – имкониятлар ва тараққиёт мактаби
Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёти ёшларнинг билимли, жасоратли ва Ватанга садоқат руҳида камол топиши билан чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода миллий армиямиз сафидаги ислоҳотлар нафақат мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга, балки ёш авлоднинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳам хизмат қилмоқда. Зеро, бугунги ҳарбий хизмат бу фақатгина саф тортиш ёки жанговар тайёргарлик эмас, балки юксак маънавият, замонавий касб ва мустаҳкам ҳаёт мактабидир.
Айниқса, “Бир аскар – бир касб” тамойили асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар ёшларнинг эртанги кунига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Муддатли ҳарбий хизматчилар хизмат давомида турли замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлмоқда. Ахборот технологиялари, техник мутахассисликлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ва бошқа истиқболли йўналишлар бўйича ташкил этилган ўқув машғулотлари аскарлар учун катта ҳаётий тажриба бўлмоқда.
Бугунги глобаллашув даврида хорижий тилларни билиш ҳар бир ёш учун муҳим устунлик саналади. Шу боис ҳарбий қисмларда инглиз ва бошқа хорижий тилларни ўқитиш жараёнлари замонавий ёндашув асосида йўлга қўйилган. Тил ўрганаётган ёш ҳарбий хизматчилар нафақат янги билимларни ўзлаштирмоқда, балки дунёқараши, тафаккури ва интеллектуал салоҳиятини ҳам кенгайтирмоқда.
Ёшларни олий таълим муассасаларига пухта тайёрлаш мақсадида қўшимча дарс машғулотлари мунтазам ташкил этилаётгани ҳам эътиборга молик. Ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар фанларни чуқур ўрганиб, мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва ўз устида ишлаш кўникмаларини шакллантирмоқда. Бу эса уларнинг келажакдаги таълим ва касбий фаолиятига мустаҳкам замин яратмоқда.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларда ҳам бу борадаги ишлар давом этиб, ёш аскарларни хорижий тиллар ҳамда IT технологияларига ўқитиш жараёнларида замонавий ўқув усуллари, инновацион дастурлар ва интерактив машғулотлардан самарали фойдаланилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир аскарнинг қизиқиши, иқтидори ва интилишига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга кенг имконият яратилмоқда.
[gallery-29490]
Бугунги армиямиз ёшларни интизом, мардлик, жасорат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш билан бирга, уларнинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Чунки ҳарбий хизмат давомида орттирилган билим, тажриба ва ҳаётий сабоқ ҳар бир йигитнинг кейинги фаолиятида муҳим ўрин тутади.
Дарҳақиқат, Ватан ҳимояси шарафли бурч бўлса, ана шу шарафли хизмат давомида илм ўрганиш, касб эгаллаш ва ўз устида ишлаш юксак келажак сари қўйилган дадил қадамдир. Билимли, касб-ҳунарли, маънан етук ва ватанпарвар ёшлар эса Янги Ўзбекистоннинг энг катта кучи, энг ишончли таянчи ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.