Пахтани қабул қилишда ҳам адолат ва шаффофлик таъминланмоқда
Гулистон шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Сирдарё вилояти бўлими 2025 йил ҳосили учун пахта хом ашёсини қабул қилиш жараёнида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳавий мутахассислар ва фермерлар иштирок этишди.
“Ўзагроинспекция” масъул ходимларининг маълум қилишича, Сирдарёда 73 000 гектар майдонда чигит экилган ва бу экинлардан 317 550 тонна пахта хом ашёсини етиштириш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 12 та пахта тўқимачилик кластерлари қарашли 25 та пахта қабул қилиш масканлари орқали 99 248 тонна пахта йиғиб олинган, шундан 73,9% ёки 73 366 тоннаси машина терими ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу замонавий технологиялар ва механизациянинг самарадорлигини очиқ кўрсатмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 573-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзагроинспекция” низоли масалаларни ҳал қилиш ва шаффофликни таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олди. Шу мақсадда ҳар бир туманда “Арбитраж” гуруҳлари ташкил этилди. Уларнинг таркибига Инспекция ва “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” ДМ Сирдарё филиали мутахассислари киритилди. Бу механизм фермерлар ва кластерлар учун адолатли ва аниқ қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади.
Назорат натижаларига кўра, йиғилган пахта хом ашёсининг 93,8 (87 292 тонна) фоизи 1-навга, 6,2 (5 709 тонна) фоизи эса 2-навга қабул қилинган. “Арбитраж” гуруҳлари кўриб чиққан 25 та низоли ҳолатдан 22 таси фермерлар тарафини қўллаб, 100,674 тонна пахта 2-навдан 1-навга қайта қабул қилинди ва фермерлар 109 млн. 900 минг сўм иқтисодий манфаатга эришишди. Қолган 3 ҳолатда эса кластер корхоналари фойдасига 17 млн. 175 минг сўм иқтисод қилинди.

Масалан, Сирдарё туманида “White Gold Klaster” МЧЖ га шу тумандаги “Раҳмон” фермер хўжалиги томонидан топширилган 8 650 кг пахта, Гулистон туманида “Гулистон Сайқали Текстиль” МЧЖга “Абдулазиз Асилбек қувончи” фермер хўжалиги томонидан топширилган 6 880 кг пахта ва Сайхунобод туманида “Сайхун классик линтер” МЧЖга “Абдухолиқ Ота” фермер хўжалиги томонидан топширилган 3 930 кг пахта низоли ҳолат сифатида қайта кўриб чиқилди. “Арбитраж” гуруҳлари томонидан қайта таҳлилдан сўнг, мазкур пахталар 2-навдан 1-навга қабул қилинди.
Шунингдек, ходимларнинг малакасини янада юксалтириш мақсадида Сирдарё вилояти бошқармасида кўргазмали ўқув семинарлари ташкил қилинди, методик қўлланмалар ва видео дарсликлар тақдим этилди. Бу тадбирлар пахта қабул қилиш жараёнида стандартларга риоя қилиш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Матбуот анжуманида соҳавий мутахассислар нафақат муҳокама қилинган масалалар, балки пахта қабул қилиш жараёни, низоли ҳолатларни ҳал қилиш механизми ҳамда фермерлар ва кластер корхоналарининг иқтисодий манфаатлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири