Ўзбекистон ва Россия медиа футбол терма жамоалари учрашуви якунланди
Ўзбекистон – Россия III медиа форуми доирасида икки мамлакат медиа футбол терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. “Пахтакор” стадионида ўтказилган баҳсда ҳар икки жамоа сафида медиа вакиллари, блогерлар ҳамда яқин ўтмишнинг машҳур футболчилари майдонга тушди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот котиби Зафар Имомхўжаев таъкидлашича, футбол ҳар икки мамлакатда энг оммабоп спорт тури ҳисобланади. Бундай учрашувлар спорт орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва қўшнилик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, у Ўзбекистон 2027 йил медиа футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилишга ҳаракат қилаётганини қайд этди. Ҳозиргача 16 терма жамоа мусобақада иштирок этиш истагини билдирган. Ташкилотчилар иштирокчилар сонини 24 тага етказишни мақсад қилган.

Бундай йирик мусобақа юртимизда ўтказилиши мамлакатимиз халқаро нуфузи ва сайёҳлик салоҳиятини оширишга ҳам ҳисса қўшади.

Ўйин 4:7 ҳисобида Россия медиа футбол терма жамоаси ғалабаси билан якунланди.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов, Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА