Пахтачиликда юқори ҳосил гарови: Илмий ёндашув ва илғор агротехнологиялар
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Андижон вилоятига амалий ташрифи доирасида Олтинкўл туманида бўлиб, ғўза парвариши ва пахтачиликда замонавий агротехнологияларни қўллаш масалаларини ўрганди.
Вазир дастлаб тумандаги "Ашуров" массивида жойлашган “Mehnat baxt imkoni” фермер хўжалиги дала майдонларини кўздан кечирди. Мулоқотлар давомида ғўза навларининг ривожланиш ҳолати, агротехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Соҳадаги долзарб масалаларни бевосита далада муҳокама қилиш мақсадида Олтинкўл тумани фермерлари иштирокида амалий семинар ташкил этилди. Унда, айниқса, август ойида ғўза парваришида амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим тадбирлар ва ҳосилни ўз вақтида етилтириш чоралари атрофида фикр алмашилди.

Семинарда ғўза майдонларида этефон қўллаш ҳамда ундан сўнг Агурон препарати билан ишлов бериш кетма-кетлиги, ғўзанинг маҳаллий ёки хорижий навга мансублигидан қатъи назар, унинг биологик хусусиятларига таянган ҳолда парваришлаш ва ўсимликнинг амалдаги ҳолатидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни аниқ режалаштириш каби асосий илмий ва амалий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, илмий ҳамжамият томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётда тажриба-синовдан ўтган тавсиялар фермерларга батафсил тушунтирилди. Таъкидланганидек, бугунги замонавий қишлоқ хўжалигида фақат шахсий тажриба ёки эшитган маълумотларга таяниб кутилган натижага эришиш қийин. Бугунги кунда юқори ва сифатли ҳосил олиш учун илм-фан ютуқлари, илғор агротехнологиялар ва амалий тажрибани бир-бири билан уйғунлаштириш талаб этилади.

Даладаги жонли мулоқот чоғида фермерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан бевосита жавоб олишди. Ҳар бир агротехник тадбирнинг мақсади ва у якуний ҳосилга қандай таъсир кўрсатиши аниқ мисоллар воситасида тушунтириб берилди. Бундай амалий мулоқотларнинг бош мақсади илм-фан ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш, ҳар бир агротехник жараённи илмий асосда ташкил этиш ҳамда фермер хўжаликларида сифатли ва мўл ҳосил етиштириш учун мустаҳкам пойдевор яратишдан иборатдир.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА