Партиянинг фаолияти таҳлил этилди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги XVIII Пленуми бўлиб ўтди.
Партия вилоят Кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда Zoom платформаси орқали қуйи бўғин вакиллари иштирок этган тадбирда партиянинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, ташкилий-партиявий, мафкуравий, депутатлик ҳамда жамоатчилик билан ишлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши раиси Мансуржон Ҳамидов сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда партиянинг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Пленумда вилоят Кенгашининг 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти, депутатлик гуруҳи фаолияти натижалари, ташкилий-партиявий ва мафкуравий ишлар, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши, шунингдек, Ижроия қўмитаси таркибига ўзгартишлар киритиш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2025 йил якунларига кўра партия аъзолари сони 17 минг 134 нафарга ортиб, 93 минг 546 нафарга етган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 5,5 минг нафар янги аъзони жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 3 минг 697 нафар фуқаро электрон базага киритилган.
Бу борада Хатирчи ва Учқудуқ туманлари юқори натижа кўрсатгани, бошқа ҳудудларда эса ишларни янада жонлантириш зарурлиги таъкидланди.

Айни пайтда вилоятда партиядан сайланган 45 нафар депутат фаолият юритмоқда. Шундан 6 нафари вилоят Кенгаши, 39 нафари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларидир. Депутатларнинг 24 нафари хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу партияда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги амалий ишлар самарасини кўрсатади.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида партия депутатлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жами 41 та депутатлик сўрови юборилган. Уларнинг 14 таси қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижросини ўрганишга, 27 таси эса фуқаролар мурожаатлари асосида кўтарилган масалаларга бағишланган. Сўровларнинг 23 таси ижобий ҳал этилган, 18 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Шунингдек, депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 9 марта масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш, долзарб масалаларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш ва сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишлар самарадорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Пленум якунида партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва ҳудудларда партия лойиҳалари самарадорлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири