Партия ва ҳокимлик ҳамкорлигида сайёр қабул
Самарқанд вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва тезкор ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида сайёр қабуллар давом этмоқда.
Навбатдаги қабул Тойлоқда мазкур туман ҳокимлиги ва Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда аҳоли мурожаатлари ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Илҳом Ботиров, Тойлоқ тумани ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан тингланди.
Қабулда туман аҳолисининг ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, кадастр, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат ва уй-жой билан боғлиқ 50 га яқин масаласи эшитилиб, муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, Украч маҳалласида яшовчи Ж.Жабборов маҳаллада электр таъминотини яхшилаш учун 1 километр масофага СИП кабель тортиш юзасидан мурожаат қилди. Масала туман ҳокимлиги томонидан ижобий ҳал этилиши белгиланиб, электр тармоқлари корхонасига топшириқ берилди. Тез кунларда бу вазифа амалга ошириладиган бўлди.
– Маҳалламиздаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қуввати аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қопламайди, – дейди Қўшчинор маҳалласи фаоли Абдуҳамид Зокиров. – Шу боис қўшимча бинолар қуриш бўйича таклиф бердик. Масала ўрганиб чиқилиб, дастурга киритилиши белгиланди.
Қабул давомида ҳар бир мурожаат тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди. Айрим масалалар юзасидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шу каби сайёр қабул Жомбой туманида ҳам ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири