Партия тарихига бағишланган музей билан танишув
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фаоллар, депутатлар, фахрийлар ҳамда ёшлар ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши қошида партиянинг ташкил топиши, шаклланиши ва ривожланиш босқичларига бағишлаб ташкил этилган музей экспозициялари билан танишди.
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов меҳмонларга музей экспозициялари, уларда жамланган тарихий ҳужжатлар ва фотоматериалларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, музейда 1991 йил 1 ноябрда ташкил этилган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, турли даражадаги сайлов кампанияларидаги иштироки, партия қурултойлари ва пленумларига оид материаллар, депутатлик фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнларидаги иштироки, партия нашрлари, архив ҳужжатлари, фотосуратлар ҳамда бошқа тарихий аҳамиятга эга материаллар жамланган.
Музей экспозицияларидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашига 1991 йилдан буён турли йилларда раҳбарлик қилган партия раислари, шунингдек, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашига раҳбарлик қилган шахслар, партия фахрийлари ва кўп йиллик самарали меҳнати билан партия ривожига муносиб ҳисса қўшган фаолларнинг фотосуратлари ҳамда уларнинг фаолиятига оид маълумотлар ҳам ўрин олган.
Экспозицияларда партия тарихининг муҳим босқичлари ҳам алоҳида ёритилган. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йилларида партиянинг ташкил топиши ва институционал ривожланишига оид тарихий ҳужжатлар ва фотоматериаллар намойиш этилган.
Шу билан бирга, партиянинг кейинги йилларда мамлакатда ўтказилган Президент, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар сайловларидаги иштироки, ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган дастурий мақсадлари ҳам музей экспозицияларида ўз ифодасини топган.
Музей билан танишув давомида партиянинг бой тарихи, сиёсий тажрибаси ва турли йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, партия фаолиятига муносиб ҳисса қўшган инсонларнинг меҳнатини эътироф этиш, тарихий меросни асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга етказишнинг аҳамияти таъкидланди.
Ташриф якунида меҳмонлар музейнинг “Меҳмонларнинг фикрлари ва таассуротлари китоби”га ўз мулоҳазалари, эзгу тилаклари ва самимий таассуротларини қайд этди. Улар музейнинг партия тарихини сақлаш, унинг кўп йиллик сиёсий фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва ёш авлоднинг тарихий хотирасини бойитишдаги аҳамиятини алоҳида эътироф этишди.
[gallery-32254]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА