Онкологик касалликларга бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди
“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг боришига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 17-мақсади (Онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш) доирасида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали шифокорлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Гауҳар Абдисаметованинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалида 2026 йил давомида аҳоли ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, хусусан, аёллар ўртасида сут бези ва бачадон бўйни саратони ҳамда бошқа онкологик касалликларга қарши объектив кўриклар, цитологик, кольпоскопия ва маммографик текширувлар ташкил этилган.
Хусусан, аёллар ўртасида сут бези саратони юзасидан 2026 йилнинг 9 ойи давомида 53 минг 876 нафар аёл скринингдан ўтказилган. Шундан 76 нафарида сут бези саратони касаллиги аниқланган.
Скрининг қамрови пастлигининг асосий сабабларидан бири туман тиббиёт бирлашмаларида онколог мутахассислар етишмаслиги ҳисобланади. Шу боис туманларга малакали мутахассисларни жалб қилиш ва бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Тиббиёт муассасаларини тиббий ускуналар билан таъминлаш борасида айрим муаммолар мавжуд. Жумладан, Қўнғирот туманида бинонинг капитал таъмирланаётганлиги сабабли маммография ускунаси вақтинча ишламай турибди. Чимбой туманида эса маммография ускунасининг маънан ва жисмонан эскирганлиги сабабли ундан фақат ташхис қўйиш мақсадида фойдаланилмоқда. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида мутахассис ва ходимлар етишмаслиги, хусусан, Шуманай, Мўйноқ, Қораўзак, Бўзатов ва Элликқалъа туманлари онколог шифокорлар билан таъминланмагани маълум бўлди.
Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Шунингдек, кўтарилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-32260]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА