“Маърифат ҳафталиги”: илм, ижод ва эзгу ташаббуслар уйғунлиги
Навоий вилоятида “Маърифат ҳафталиги” доирасида зиёлилар, ижодкорлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбирларда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Хусанов, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Жаҳонгир Мелиқўзиев, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Бектош Бердиев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Турсунов, шоир Шодмонқул Салом, Ўзбекистон халқ артистлари Одина Ғозиева ва Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова, хонанда Севара Тўланова ҳамда бошқа зиёли ва ижодкорлар иштирок этди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари Конимех, Кармана, Нурота туманлари ва Навоий шаҳрида бўлишиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Ҳафталик Конимех туманидаги Зафаробод маҳалласида “Маҳалла билан юзма-юз” лойиҳаси билан бошланди. Олимлар, ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси, авлодлар ҳамжиҳатлиги, бағрикенглик ҳамда ёшларни илм-ҳунарга йўналтириш масалаларини муҳокама қилди.

“Яхшилик карвони” лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексалар хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, эҳтиёжлари ўрганилди ҳамда амалий ва маънавий кўмак кўрсатилди.
Кармана туманидаги учрашувларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни турли зарарли ғоялар ва ахборот хуружларидан асраш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбирлар “Малик карвон” экобоғида ташкил этилган “Дўстлик ва маърифат оқшоми” билан давом этди. Сардоба, Дўстлик ва Буюк ипак йўли маҳаллалари аҳолиси иштирок этган кечада миллий куй-қўшиқлар, шеърият ва ижодий чиқишлар орқали дўстлик, ватанпарварлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари тараннум этилди.
Навоий шаҳрида “Уйғоқ идрок” лойиҳаси доирасида ўтказилган семинарларда ахборот маданиятини юксалтириш, интернетдан оқилона фойдаланиш, ёлғон хабарларни фарқлаш, мустақил фикрлаш ва ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, тьюторлар ва масъул ходимлар иштирокидаги мулоқотларда эса билимли, ташаббускор ва мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялашнинг аҳамияти таъкидланди.

Навоий вилояти футбол академиясида ташкил этилган учрашувда эса спортчи ёшлар билан ватанпарварлик, интизом, ирода ва жамоавий ҳамжиҳатлик ҳақида фикр алмашилди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олгани ёшлар учун катта рағбат экани қайд этилди.
Ҳафталик доирасида Навоий вилояти болалар қўғирчоқ театрида “Қасамёд” спектакли намойиш этилди.
Тарихчи олим Баҳром Ирзаевнинг “Германияда таълим олган Туркистон ёшлари” китоби ва ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи асосида саҳналаштирилган асарда ўтган асрнинг 20-йилларида Германияга таълим олиш учун юборилган туркистонлик ёшларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари ва Ватан равнақи йўлидаги фидойилиги акс эттирилган.

Навоий шаҳар маданият ва санъат мактабида “Истеъдодлар давраси” лойиҳаси доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Устозлар ёш ижодкорлар билан саҳна маданияти, миллий қўшиқчилик, бадиий сўз маҳорати ва ижодий изланишлар хусусида тажриба алмашди.
Шунингдек, “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Инсон қадри” лойиҳаси ташкил этилди. Шоирлар ва санъаткорлар болалар билан биргаликда шеърлар ўқиб, қўшиқлар ижро этди. Самимий учрашув болаларга қувонч ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабалар турар жойидаги “Гулхан атрофида” адабий-бадиий учрашуви ҳам ёшларни адабиёт ва санъатга кенг жалб этишга қаратилди.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар Нурота тумани Ахборот-кутубхона марказида “Маърифат улашиб” лойиҳаси билан давом этди.

Унда мутолаа маданиятини ривожлантириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш ҳамда Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Навоий вилоятида бошланган “Маърифат ҳафталиги” мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири