Партия шаҳар Кенгашининг конференцияси бўлиб ўтди
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулияти янада ортиб бормоқда. Айниқса, аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ва хусусий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда партия тузилмаларининг фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) Бухоро шаҳар Кенгашининг конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция кун тартибидан партиянинг янги Сиёсий дастури лойиҳасини муҳокама қилиш, қуйи бўғинлар фаолиятини янада такомиллаштириш, электорат манфаатларини кенгроқ ифода этиш, шунингдек, O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши конференциясига муносиб вакилларни сайлаш каби муҳим масалалар ўрин олди.
[gallery-32658]
Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, электорат вакиллари билан доимий ва манзилли мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш партия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Муҳокамалар давомида партиянинг қуйи бўғинлари фаолиятини жонлантириш, жойлардаги муаммоларни ўрганишда депутатлар ва фаоллар масъулиятини кучайтириш, аҳоли ишончини амалий ишлар орқали мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Чунки сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи фақат тадбирлар сони билан эмас, балки одамларни ўйлантираётган масалаларга аниқ ечим топиши, берилган ваъдаларнинг ижросини таъминлаши билан намоён бўлади.
Конференция якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши конференциясида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
Мазкур конференция партия фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, электорат билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш йўлидаги муҳим ташкилий қадам бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари