Партия фаолияти муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгиланди
Нукусда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотининг конференцияси бўлиб ўтди.
Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда делегатлари иштирок этишди.
Мажлисда партиянинг 2024-2026 йиллардаги фаолияти натижалари, партиянинг келгуси фаолияти, устувор вазифалари ва янги сиёсий дастурини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар, дастурий мақсадларни бугунги ислоҳотлар мазмунига мувофиқлаштириш ва электорат билан ишлашнинг самарали механизмларини жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг янги таҳрири ва жорий йил "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили" давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, 5 мақсад ва 500 вазифани ўз ишига олган партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни тарғиб қилиш, партия аъзолари сонини янада кўпайтириш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада партия мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашни алоҳида мақсад ва вазифа сифатида белгилаб олган. Мақсад ва ғояларнинг халққа яқинлиги, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилиши билан партия парламент сайловида самарали иштирок этди.
[gallery-32724]
Жорий йилда партия “Халқ билан бирга” деб номланган йирик умуммиллий лойиҳани амалга оширишга киришди. ЎзЛиДеП томонидан 2026 йил 2 апрель куни бошланган мазкур дастур мазмун-моҳияти ва амалий натижалари билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Унинг асосий мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммоларини жойида ҳал этишдан иборат.
Эътиборли жиҳати шундаки, дастур доирасида депутатлар, партия фаоллари, тадбиркорлар, фермерлар, маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориб, ҳар бир мурожаат ортида турган инсон тақдирига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида Мобил штабнинг сайёр қабуллари ташкил этилди. Ушбу қабулларда жами 5 минг 489 нафар фуқаро иштирок этиб, мурожаати тингланди. Ўрганишлар давомида 1 минг 400 дан ортиқ муаммо аниқланди. Энг муҳими, уларнинг мингдан ортиғи жойида ҳал этилди. Қолган масалалар эса назоратга олиниб, ижобий ечим топиши учун тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, умуммиллий дастур доирасида барча шаҳар ва туманларда ўтказилган сайёр қабулларда 96 нафар фуқаронинг мурожаати бўйича “маҳалла еттилиги” ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ечимини кутаётган масалалар ҳал этилди. Жумладан, 40 нафар фуқаронинг фарзанди таълим олиши учун шартнома тўловлари тўлаб берилди, 100 дан зиёд ёрдамга муҳтож фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди, 52 нафар фуқаронинг имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. Бундай амалий ёрдамлар оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.
“Халқ билан бирга” дастурининг энг муҳим жиҳатларидан бири давлат ва жамоат ташкилотлари, депутатлар, тадбиркорлар ҳамда фермерларни ягона мақсад йўлида бирлаштираётганидир.
Тадбир якунида партиянинг жорий йил декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги Конгрессига делегатлар сайланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА