Озарбайжон – Ўзбекистон парламентлараро форумида Боку декларацияси қабул қилинди
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Иккинчи Озарбайжон – Ўзбекистон парламентлараро форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат парламентлари аъзолари, тегишли қўмиталар ва комиссиялар раислари, ҳудудий кенгашлар депутатлари иштирок этди.
Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафарова ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Озарбайжонни тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ва аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга бўлган умумий интилиш бирлаштириб туришини алоҳида қайд этдилар.

Халқларимиз ўртасидаги кенг кўламли алоқаларни ривожлантириш масаласи давлат раҳбарларининг доимий эътиборида экани, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзолангани эса икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаргани эътироф этилди.

Форум давомида учта панель сессия ўтказилди. Биринчи сессияда парламентлар аъзолари Олий давлатлараро кенгаш қарорларининг бажарилишига кўмаклашиш ҳақида сўз юритди. Битимларни биргаликда баҳолаш, келишувлар натижаларини таҳлил қилиш, қаерда камчиликларга йўл қўйилаётганини аниқлаш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бу эса қонунларга зарур тузатишлар киритиш ва масъул идоралар олдига аниқ масалалар қўйишда қўл келади.
Иккинчи сессия тармоқ қўмиталарининг иши айнан қайси йўналишларда зарурлигини кўрсатиб берди. Президентларимиз 2030 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйган. Бу фермерлар учун, аввало, қардош мамлакат бозорига чиқиш имкониятидир. Шу боис, ҳар ярим йилда тадбиркорлар билан учрашиб, маҳсулот етказиб беришга тўсқинлик қилаётган омилларни муҳокама қилиш, ишни эса ветеринария ва фитосанитария талабларини уйғунлаштиришдан бошлаш таклиф этилди.

Учинчи сессия халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларга бағишланди. Ҳудудларда маданият кунларини ўтказиш ва Буюк Ипак йўли бўйлаб умумий сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш орқали ягона ғоя – одамларга қардош мамлакатни ўзлари учун кашф этиш имкониятини бериш мақсадини кенгроқ рўёбга чиқариш зарурлигига урғу берилди.
Панель сессиялар якунига етгач, форум натижалари сарҳисоб қилинди.
Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафарова делегацияларимизнинг қўшма ташаббуслари, депутатлар ва тегишли қўмиталар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар қонунчилик даражасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева алоҳида таъкидлаганидек, Президентларимиз томонидан пойдевори қўйилган иттифоқчилик муносабатлари одамлар унинг амалий натижаларини ўз ҳаётларида ҳис қилганларида янада мустаҳкамланади.
– Хивада биз ушбу мулоқот майдонини бошлаб берган эдик, – деди Т. Норбоева. – Бокуда эса яқин икки йилга мўлжалланган иш йўналишларини белгилаб олдик. Парламентларимиз абадий дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда Президентлар эришган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.

Шундай қилиб, Боку форумида иккита муҳим ҳужжат – Боку декларацияси қабул қилинди ва 2027–2028 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» имзоланди.
Хива декларациясининг мантиқий давоми бўлган ушбу келишувлар икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг келгуси икки йиллик устувор вазифаларини белгилаб беради. Бу, аввало, ҳудудларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлар ташаббусларини қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ёшлар учун таълим ва тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
Боку, Озарбайжон