Парламент назорати: сенаторлар уй-жой коммунал хўжалигини рақамлаштириш жараёнлари билан танишди
Сенатнинг 17-ялпи мажлисида бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари атрофлича кўриб чиқилган эди.
Мажлисда парламент сўровида кўтарилган тизимли муаммолар бўйича масъулларнинг батафсил ахборотлари эшитилиб, сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинган ва аниқ вазифалар белгиланган.
Бугун Сенат аъзолари соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тизимни рақамлаштириш борасидаги амалий натижалар фақат ҳисобот ва статистик кўрсаткичларда эмас, балки амалиётда ҳам ўз ифодасини топаётганини кўриш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ташриф буюрди. Ушбу ташриф айнан шу вазифаларнинг ижроси ва парламент назоратининг изчил давоми бўлди.
Сенаторлар соҳани рақамлаштириш ва фуқаролар учун электрон хизматларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хусусан, тизимда жорий этилган “Менинг уйим” ахборот платформаси имкониятлари алоҳида эътироф этилди. Ушбу электрон платформа орқали бугунги кунда мулкдорлар учун бир қатор қулайликлар яратилган.

Жумладан, аҳоли ўз хонадони бўйича мажбурий бадаллар ва коммунал тўловлар ҳисобини реал вақт режимида кузатиб бориши ва онлайн тўловларни амалга ошириши, ўзларига хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниялари фаолиятини баҳолаши ҳамда авария билан боғлиқ ва бошқа коммунал муаммолар бўйича тўғридан-тўғри электрон мурожаатлар юбориш тизими йўлга қўйилган.
Сенат аъзолари эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди. Бундан ташқари, сенаторлар кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолатини баҳолашда инсон омилини чеклаш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Сенаторлар уй-жойларнинг техник ҳолати, муҳандислик тармоқлари ва таъмирлашга бўлган эҳтиёжлар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт (online) режимида юритиш ҳамда мунтазам янгилаб бориш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш юзасидан ўз таклиф ҳамда тавсияларини берди.
Бу механизм келгусида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини олдиндан тўғри режалаштириш ва маблағлардан мақсадли фойдаланишда бош мезон сифатида хизмат қилиши қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА