ИИВ раҳбарияти томонидан пойтахтда тунги хизмат фаолияти ўрганилди
«Хавфсиз ва соғлом юрт» комплекс тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ички ишлар органларининг тунги хизматни ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги фаолияти ИИВ раҳбарияти томонидан Чилонзор тумани мисолида ўрганилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Сатторов тунги хизматга жалб этилган куч ва воситаларнинг фаолияти, хизмат ўташ тартиби, патруль йўналишлари, профилактика инспекторлари ҳамда соҳавий хизматлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳолати билан танишди.
Ўрганишлар давомида хизматни ташкил этиш сифати, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда профилактик тадбирларни янада кучайтириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.

Тунги вақтда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳудудларда хизмат олиб бораётган ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш, замонавий техник имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Ўрганиш якунида жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ички ишлар органлари хизматларининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА