“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ўтказилмоқда
Баъзан биз оддий деб ўйлайдиган касблар ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга экани хаёлимизга ҳам келмайди. Аслида касбларнинг катта-кичиги бўлмайди. Зеро, ҳар бир касб ҳаётимиз янада фаровон, гўзал, осуда, барқарор бўлишига хизмат қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарори билан тасдиқланган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг Республика босқичи ўтказилиши режалаштирилган эди.
Шу кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ушбу танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловининг Республика босқичига сартарошлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер графикаси йўналишлари бўйича старт берилди.
Танлов старти Тошкент илғор касбий маҳорат техникуми биносида сартарошлик йўналиши бўйича ташкил этилди.
Республика босқичида иштирок этаётган номзодлар — ушбу касблар йўналиши бўйича туман (шаҳар) ва ҳудудий (вилоят) босқичларида юқори натижа кўрсатган, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган энг лаёқатли ёшлардир. Уларнинг ҳар бирини танловга тайёрлаган амалиёт устозлари ҳам мусобақа давомида фаол иштирок этади.
Танлов 10 касб йўналиши бўйича Республиканинг 4 та ҳудудида параллел равишда ўтказиляпти. Хусусан, Самарқандда электромонтаж, пайвандлаш технологияси, сантехника ҳамда мода технологиялари йўналишлари, Бухорода қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари ҳамда ошпазлк йўналишлари, Қорақалпоғистон Республикасида тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик йўналиши бўйича ўтказилмоқда.
Иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари «WorldSkills» халқаро стандартлари асосида баҳолаш методикасига эга бўлган малакали экспертлар томонидан баҳоланади. Ҳар бир йўналиш бўйича баҳолаш жараёнининг адолатлилигини таъминлаш мақсадида алоҳида апелляция комиссияси ҳам ташкил этилган.
Низомга мувофиқ, танловнинг республика босқичи ғолиблари ва уларга бириктирилган амалиёт устозлари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади.
Бундан ташқари, республика босқичи ғолибларига «WorldSkills International» ташкилотининг халқаро чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
[gallery-30442]
Тадбир ташкилотчилари тақдим этган маълумотларга кўра, республика босқичи ғолибларига берилган имконият бўйича «WorldSkills» халқаро чемпионатида қатнашиб ғолиб бўлган ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 баравари, яъни 1 миллиард 30 миллион сўм миқдорида, унинг амалиёт устозига эса 450 баравари, яъни 185 миллион 400 минг сўм миқдорида пул мукофоти тақдим этилиши белгиланган.
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган бўлиб, ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда танлов ғолиблари ва иштирокчиларининг ички ва ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўрнига эга бўлиш имкониятини кенгайтиришни мақсад қилган.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари