Парламент дипломатияси – давлатлар ўртасидаги ишончли сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда
Санкт-Петербургда МДҲ Парламентлараро ассамблеяси баҳорги сессияси тадбирлари бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегация иштирок этди.
Сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан музокаралар ўтказди.

Учрашувларда парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбатлар чоғида давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва ишончли мулоқот икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиққани қайд этилди. Парламентлараро ҳамкорлик эса мазкур муносабатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида эътироф этилди.

Парламентлараро комиссиялар ва ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар йўналишларида қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув иштирокчилари парламент дипломатияси бугунги кунда давлатлар ўртасидаги ишончли сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, халқларни яқинлаштириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланганини алоҳида қайд этди.
Н.Абдураимова, ЎзА