Сурхондарёда ғаллага ўроқ тушди
Сурхондарё вилоятида ғалла ўрим-йиғими уюшқоқлик билан бошланди.
Мавсум олдидан Ҳаким Термизий мажмуасида мавсум олдидан воҳа фаоллари, туман ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, меҳнат фахрийлари, диний соҳа вакиллари иштирокида эҳсон тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ғаллакорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш, дастурхонларимиз кўрки, тўкин турмушимиз манбаи бўлган донни нобуд қилмай йиғиштириб олишда кластер ва фермерларнинг барча куч ва имкониятларни сафарбар этиши, тажрибали мутахассислар ва соҳа фахрийларининг маслаҳатларига таяниши таъкидланди. Юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз ободлиги, донимиз мўл бўлиши ва мавсумнинг хайрли ўтиши тиланиб, дуо қилинди.

Вилоят ғаллакорлари жорий йил ҳосили учун 84 минг 672 гектар майдонда ғалла етиштирди. Ҳосилни қисқа муддатларда исроф қилмасдан йиғиб олиш учун 120 та махсус отряд ташкил этилиб, уларга 234 та юқори унумли комбайн, 1 минг 191 та юк ташиш техникаси, 110 та кўчма устахона ва 79 та ёқилғи ташиш воситаси бириктирилди.
Музработ туманида 10 минг 500 гектар майдонда бошоқли дон парваришланиб, мўл ҳосил тўпланди. Донни нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун 16 та отряд 23 та замонавий комбайн ҳамда дон ташийдиган техника билан таъминланди. Ғаллакорларнинг барча агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли бажаргани ва об-ҳавонинг қулай келгани мўл ҳосил тўплашда муҳим омил бўлди. Дон эрта пишиб, етилди. Шу кунларда ўрим-йиғим уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Мавсум иштирокчиларига барча шароит яратилган.

Тумандаги “Дилшод Иброҳим” фермер хўжалиги 30,8 гектар майдонда ғалланинг эрта пишар ва серҳосил “Турон” навини экиб, меҳр билан парваришлади. Фермернинг оқилона меҳнати, ерга бўлган эътибори ва барча агротехник тадбирларни пухта ташкил этгани мўл ҳосил тўплашга хизмат қилди.
– Дон – тинч, тўкин ҳаётимиз манбаи, дастурхонларимиз файзи, – дейди “Дилшод Иброҳим” фермер хўжалиги раҳбари Носир Баратов. – Ерга ишлов бериб, куз фаслида экилган майсалар парвариши ўз вақтида амалга оширилса, ҳосил салмоқли бўлади. Эрта пишиб етилиб, барвақт ўриб олишга қулай муҳит яратади. Бу бошоқлар исроф бўлишининг олдини олади. Ғалвир сувдан кўтарилганида ҳар гектар майдондан ўртача 80-90 центнердан сара дон йиғиб оляпмиз. Бу ўтган куз фаслидан буён қилган меҳнатимиз самарасидир.

Вилоятнинг Термиз, Ангор, Жарқўрғон каби туманларида ҳам пишиб, етилган бошоқли дон ўриб-йиғиб олиниб, пешма-пеш қабул шохобчаларига топширилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА