Қурилишдаги коррупцион ҳолатлар таҳлил қилинди
Самарқанд вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси тизимида аниқланган камчилик ва коррупциявий ҳолатлар муҳокама қилинди.
Ҳудудий кенгаш раиси Ш.Негматов раислигида ўтган йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов, кенгаш аъзолари, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси ҳамда “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбар ва ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мазкур соҳа фаолиятини такомиллаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ва ходимлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 апрелдаги фармонига мувофиқ, инспекция Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилди ҳамда мустақил назорат қилувчи орган сифатида қайта ташкил этилди.
Ўтказилган таҳлиллар тизимда ҳали ҳам масъулиятсизлик, суиистеъмолчилик ва ўзибўларчилик ҳолатлари сақланиб қолаётганини кўрсатди. Амалдаги тартибга кўра, қурилиш объектларида хавф-хатар тоифасидан келиб чиқиб, ҳар ойда камида икки марта назорат тадбирлари ўтказилиши лозим. Бироқ айрим ҳолатларда инспекция ходимлари объектларни ўрганмасдан туриб, ахборот тизимига сохта маълумотлар киритгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, инспекция рўйхатидаги 102 та қурилиш объектида сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланилган, 557 та объектда қарийб ярим миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари талаб даражасида бажарилмаган. 25 та кўп қаватли уй-жойда пудратчилар лойиҳадан четга чиққан ҳолда қўшимча қаватлар қургани аниқланган.
Йиғилишда шаҳарсозлик нормаларида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолатлар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, кўп қаватли уйлар ҳудудида “яшил ҳудуд”, болалар ўйингоҳлари ва автотураргоҳлар ташкил этилиши шарт бўлса-да, ўрганишлар давомида 13 та уй-жойда 6,5 минг квадрат метр яшил ҳудуд, 4 та объектда 13,5 минг квадрат метр болалар ўйингоҳи ва 10 та объектда автотураргоҳ учун ажратилиши лозим бўлган майдонлар ташкил этилмаган.
Шундан сўнг йиғилишда “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармасида қонунлар ижроси ва коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, вилоят прокуратураси ташаббуси билан “Ўзэнергоинспекция” ходимлари қуввати 24 соатга етадиган бодикамера ва планшетлар билан таъминланган. Натижада 2025 йил январь-февраль ойларида 109 та, 384 миллион сўмлик ноқонуний ҳолатлар аниқланган бўлса, рақамлаштиришдан кейин бу кўрсаткич 174 та ва қарийб 1 миллиард сўмга етган.
Аммо тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича қатъий ёндашув етарли эмас. Хусусан, 2025 йил март ойида ишлаб чиқилган 24 банддан иборат “Йўл харитаси” ижроси суст ташкил этилган, белгиланган вазифалар амалда бажарилмаган.
Йиғилишда ҳар икки идора раҳбарлари аниқланган камчиликлар ва коррупциявий ҳолатлар юзасидан изоҳ бериб, уларни бартараф этиш, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш бўйича таклифларини билдирди.
Йиғилиш якунида “Йўл харитаси” асосида вилоятда маиший коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш чора-тадбирлари белгиланди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА