Параосиё ўйинлари: Биринчи кун — 23 та медаль ва 3 та янги рекорд!
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилаётган V ёзги Параосиё ўйинларининг биринчи куни Ўзбекистон делегацияси учун сермаҳсул бўлди.
Ҳамюртларимиз беш спорт турида жами 23 та медаль — 6 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза медални қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида учинчи ўринга кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, параспортчиларимиз ўйинларнинг 5 та спорт дастурида — парасузишда 7 та, параенгил атлетикада 6 та, парадзюдода 5 та, паратэквондода 4 та ҳамда паравелотрекда 1 та медалга эга чиқди.
Ўйинларнинг парасузиш баҳсларида олтин медаллар Лолахон Қодирова (50 метр эркин усул, S5) ва Егор Болотов (100 метр эркин усул, S13) ҳисобига ёзилди. Мубинабону Ҳалилова (100 метр эркин усул, S13), Дмитрий Хорлин (100 метр эркин усул, S12), Диас Мирманов (200 метр комплекс усул, SM9) ҳамда Азиз Бойназаров (100 метр баттерфляй, S8) кумуш медалларни қўлга киритган бўлса, Муслима Одилова (100 метр эркин усул, S13) бронза медалига сазовор бўлди.

Параенгил атлетикачиларимиз орасида Хусниддин Норбеков (ядро улоқтириш, F35), Маҳлиё Акрамова (булава улоқтириш, F32/F51) ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев (ядро улоқтириш, F37) қитъа ўйинларида тенгсиз эканини намоён этди. Омадбек Ҳасанов (узунликка сакраш, T47) ҳамда Толиббой Йўлдошев (ядро улоқтириш, F37) кумуш, Зохира Қозоқова эса диск улоқтириш (F37/F38) баҳсида бронза медаль билан тақдирланди.

Яккакураш турларида ҳам спортчиларимиз юқори натижалар кўрсатди. Парадзюдо баҳсларида Улжон Амриева (-60 кг, J1) ва Кемран Нуриллаев (-70 кг, J2) кумуш, Бону Бабаева (-52 кг, J1), Фотима Тойирова (-60 кг, J1) ва Иброҳим Акбаров (-70 кг, J1) бронза медалларига эга чиқди.
Паратэквондо беллашувларида ҳамюртларимиздан Фаёзбек Валийжонов (-58 кг) ҳамда Умида Мамаражабова (-52 кг) кумуш медал соҳибига айланди. Кароматой Рустамова (-52 кг) ва Қизлархон Асомиддинова (-47 кг) эса шоҳсупанинг учинчи поғонасидан ўрин олди.


Бундан ташқари, паравелотрек баҳсларида Бобур Тоштемиров 3 километрлик яккалик таъқиб пойгасида марра чизиғини биринчилардан бўлиб босиб ўтди.
Дарвоқе, 19 октябрь кунги беллашувларда Қудратиллохон Маъруфхўжаев, Лолахон Қодирова ҳамда Бобур Тоштемиров ўз йўналишларида Параосиё ўйинларининг янги рекордини ўрнатди.
V ёзги Параосиё ўйинларининг биринчи кунидан сўнг умумжамоа ҳисобида Хитой делегацияси 26 та олтин, 20 та кумуш ва 16 та бронза, жами 62 та медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Мезбонлар эса 8 та олтин, 6 та кумуш ва 13 та бронза, жами 27 та медаль жамғариб иккинчи ўринда бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 6 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза, жами 23 та медаль тўплаган ҳолда кучли учликдан жой олган.
Шунингдек, Ҳиндистон 4 та олтин, 5 та кумуш, 2 та бронза, Қозоғистон 3 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза, Жанубий Корея 3 та олтин, 3 та кумуш, 5 та бронза, Эрон 3 та олтин, 3 та кумуш, 2 та бронза, Таиланд 1 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза, Индонезия 1 та олтин, 1 та кумуш, 8 та бронза ва Мўғулистон 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларига эга чиқиб 5-10-ўринларни банд этган.

Мусобақанинг дастлабки кунидаёқ эришилган ушбу юксак натижалар — матонат, юқори маҳорат ва тизимли меҳнатнинг амалий ифодасидир. Илк қадамдаёқ Осиёнинг энг кучли уч жамоаси сафидан жой олган вакилларимиз кейинги баҳсларда ҳам янги рекордлар ҳамда олтин медаллар билан халқимизга ғалаба ва унутилмас лаҳзаларни улашишда давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА