Нукуснинг “Орол” жамоаси Суперлига иштирокчиси
Нукусдаги “Турон” ўйингоҳида футбол бўйича Ўзбекистон Пролигасининг 23 тур ўйини бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистоннинг “Орол” ва “Жайхун” жамоалари ўзаро куч синашди.
Ўйинда ўз устунлигини кўрсатишга ҳаракат қилган “Орол” жамоаси кўплаб ҳужумлар уюштирди. Шундай ҳужумлардан бирида “Жайхун” жамоаси ўйинчиси ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Иккинчи бўлимда икки жамоа бош мураббийлари ҳам ўйинга янги кучларни ташлади ва шу орқали ҳисобни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Учрашувнинг 83 дақиқасида “Орол” жамоасининг россиялик легионери Марк Краснов тўпни рақиб дарвозасига аниқ йўллаб, ҳисобни янада оширди.

Ўтказилган ушбу ўйиндан сўнг Қорақалпоғистоннинг бош жамоаси 23 учрашувда 58 очко тўплаб, чемпионат якунига 3 тур қолганда муддатидан олдин Суперлига йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши табригида қайд этилганидек, 25 йиллик танаффусдан сўнг жамоанинг Суперлигага қайтиши давлатимиз раҳбарининг жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан миллионлар ўйини ҳисобланган футболни ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг самарасидир.
Нукус шаҳридаги “Турон” ўйингоҳини реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланиб, замонавий спорт инфратузилмаси яратилгани қўлга киритилган ғалабада асосий омил бўлди. Президентимизнинг яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳридаги реконструкция қилинган “Турон” ўйингоҳи билан танишиши, шу ерда машғулот ўтаётган ёш спортчилар билан самимий суҳбатлашиши жамоа футболчиларига янада куч-қувват бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири