Журналист аёллар ўртасида волейбол бўйича мусобақа ўтказилди
Жиззах ва Сирдарё вилоятлари оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида волейбол бўйича “Генерал кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари жамоаси бош совринни қўлга киритди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ташаббуси билан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги учун ташкил этилган мусобақада Жиззах ва Сирдарё вилоятлари оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналист аёллар жамоалари куч синашди.
Майдондаги баҳслар қизғин ва муросасиз кечди. Ҳар бир тўп учун кураш, аниқ зарбалар ва жамоавий ҳамжиҳатлик мухлисларга кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса, сирдарёлик ҳамкасбларнинг иштироки рақобатни янада кучайтириб, мусобақага ўзгача шиддат олиб кирди.
Якунда “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари жамоаси барча рақибларидан устун келиб, бош соврин – “Генерал кубоги”ни қўлга киритди. Қўшни вилоятдан келган “Янги Сирдарё” – “Новая Сирдаря” газеталари жамоаси иккинчи, Жиззах вилояти телерадиокомпанияси жамоаси қизлари учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндорларга кубок, медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
[gallery-32036]
– Мусобақани ўтказишдан мақсадимиз журналист хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ҳамкасблар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдир. Сирдарёлик журналист аёлларнинг иштироки беллашувларга алоҳида руҳ бағишлади. Рақобат қанчалик қизғин бўлмасин, майдонда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик устувор бўлди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раиси Абдужалол Қаюмов.
У мусобақани ташкил этишдаги амалий ёрдами ва қўллаб-қувватлови учун Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят волейбол федерацияси раиси, генерал-майор Ғайрат Қодировга алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Ғолибларни тақдирлаш маросими спорт байрамига якун ясади. Бироқ бу учрашувнинг қадри фақат қўлга киритилган кубок билан ўлчанмайди. У журналист хотин-қизларнинг фаоллиги, соғлом турмуш тарзига интилиши ва икки вилоят журналистлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлагани билан ҳам аҳамиятлидир.
Жамшид Ёрбеков,
ЎзА мухбири