Пандемияда шароитида давлат нима учун нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаши лозим?
Коронавирус пандемияси бутун дунё давлатлари олдига қатъий шарт қўйди – инсонлар саломатлиги ёки иқтисодиётни танлаш.
Коронавирус пандемияси бутун дунё давлатлари олдига қатъий шарт қўйди – инсонлар саломатлиги ёки иқтисодиётни танлаш. Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида карантин чекловлари жорий этилди. Шу билан бирга, давлат карантин даврида тадбиркорлар ва иқтисодиёт тармоқларига қўшимча енгилликлар бериш орқали уларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда.
Пандемия юртимизда эндигина ривожланиб келаётган иқтисодиёт тармоғи – таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятига ҳам жиддий зиён етказди. Март ойидан буён жорий этилган карантин чекловлари сабаб фаолиятини масофадан ташкил этиб бораётган нодавлат таълим ташкилотларининг кўпчилиги айни пайтда иқтисодий қийинчиликларни бошидан ўтказмоқда. Тадбиркорлик субъектлари таълим хизмати кўрсатиш фаолиятини келгусида қандай юритиш ҳақида ўйлаётган бўлса, НТТларда фаолият юритаётган педагоглар иш ҳақисиз қолишлари мумкинлигидан хавотирда.
Айни оғир вазиятда давлат томонидан уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойлаштирилди.
Мазкур масала юзасидан кўпчиликни қизиқтираётган саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоевга мурожаат қилдик.
– Ўзбекистон учун нодавлат таълим ташкилотларининг аҳамиятли томони нималарда кўринади? Давлатга нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаши қанчалик муҳим?
– Бутун дунё тажрибасида таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган энг асосий омиллардан бири, бу - таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити бўлиши, уларнинг ҳар жиҳатдан мустақиллиги ҳисобланди. Соғлом рақобат, бу - таълим соҳасида таълим сифати, маданиятини шакллантирувчи, ўзини ўзи ривожлантиришга муҳит яратувчи кўринмас кучдир. Қолаверса, хусусий сектор давлатнинг таълим хизматлари билан таъминлаш юкининг бир қисмини ўзига олган ҳолда халқимизнинг таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қондирмоқдалар. Бундан ташқари, синалган халқаро стандартлар асосида таълим бериш, илғор таълим технологиялари ва ресурслари соҳага айнан нодавлат таълим ташкилотлари орқали фаол тарзда кириб келмоқда. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан
2017 йилда Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномада нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириш, энг долзарб ва ўз ечимини кутаётган муаммолардан бири сифатида тадбиркорларга лицензия беришнинг марказлашиб кетгани тўғрисида тўхталиб ўтиб, нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш ва унинг тартибини соддалаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Таълим сифати ва самарадорлиги юқори бўлган кўпгина давлатлар, мисол учун, Жанубий Корея, Япония, Сингапур тажрибасини оладиган бўлсак, бунда нодавлат таълим ташкилотларининг таълим тараққиётида нақадар муҳим роль ўйнаганини кўришимиз мумкин.
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан нодавлат таълим ташкилотларига кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятига инвестициялар киритила бошланди. Бу учун албатта барчамиз хурсанд бўлишимиз керак, чунки таълимга киритилаётган инвестиция, бу - инсон капиталига, давлат ва жамият истиқболи учун киритилаётган маблағ ва ишончни билдиради.
Сўнгги икки-уч йилда нодавлат таълим ташкилотлари сони бир неча баробарга ошиб, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда. Хусусий мактабларнинг ўқувчилари турли халқаро мусобақаларда ўрин эгаллашмоқда, нуфузли олийгоҳларга ўқишга киришмоқда.
Бироқ кутилмаганда келган пандемия бошқа соҳалар қатори нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятига ҳам салбий таъсир ўтказди. Давлат тасарруфидаги мактаб ва боғчаларнинг педагог ходимларига масофавий таълим учун ҳақ тўланган бўлса, нодавлат таълим ташкилотлари оғир аҳвол тушиб қолди. Бироқ ушбу жараёнда ҳам уларнинг аксарияти шароитга тезда мослашиб, машғулотларни масофавий (онлайн) шаклда ташкил этишгани ижобий ҳолат бўлди. Ҳатто масофавий таълим бериш сифати бўйича нодавлат таълим ташкилотларининг ўзаро рақобатга киришишгани таҳсинга сазовор.
Кўпгина хорижий мамлакатларда бўлганимизда ёки бошқа давлатларнинг таълим соҳаси вакиллари билан тажриба алмашганимизда, айнан хусусий секторнинг таълим сифатини оширишда муҳим роль ўйнаётганини, ўз навбатида, бу давлатга катта иқтисодий фойда келтиришига амин бўлганмиз.
– Нодавлат таълим ташкилотларининг давлат ва жамият учун иқтисодий фойдали жиҳати тўғрисида батафсилроқ маълумот берсангиз.
– «Коронавирус пандемияси даврида нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда ижобий фикрлар қаторида салбий муносабатлар билдирилганини ҳам кўрдим. Шунинг учун нодавлат таълим ташкилотларининг ҳар бир фуқаро учун, хусусан фарзандлари давлат таълим муассасаларида ўқийдиганлар учун ҳам фойдали томонларини тушунтириб ўтишни зарур деб билдим. Буни оддий арифметика орқали билиб олиш мумкин. Дейлик, давлат бир нафар ўқувчининг бир йил мактабда таълим олиши учун ўртача 3 млн. 600 минг сўм сарфлайди. Бугунги кунда юртимиздаги 130 та хусусий мактабларда 22000 нафардан ортиқ бола таълим олмоқда. Демак, ушбу ўқув масканлари ҳар йили давлат бюджетидан сарфланиши мумкин бўлган 79 млрд. 200 миллион сўмни иқтисод қилишга ёрдам бермоқда.
Бундан ташқари, айни пайтда юртимизда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг аҳамияти жуда муҳим. Президентимиз томонидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани, кам фоизли кредитлар ажратилгани, тадбиркорларга қулай шароитлар яратилгани, лицензия олиш жараёнлари соддалаштирилгани қисқа муддатда ўз самарасини бера бошлади. Биргина мисол, икки йил аввал юртимизда хусусий боғчалар сони 194 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1383 тага етказилган. Энг муҳими, айнан хусусий сектор мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамров кўрсаткичини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Бугунги кунда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 80 минг нафардан ортиқ болажонлар таълим-тарбия олмоқдалар. Давлат томонидан бир нафар боланинг давлат мактабгача таълим ташкилотига бир йил қатнаши учун ота-оналар бадал тўловидан ташқари 4 млн 500 минг сўм сарфланади деб ҳисобласак, хусусий боғчалар давлатимиз бюджетидан ҳар йили 360 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тежалишига сабаб бўлмоқда.
Иқтисод қилинган маблағлар эса бошқа соҳани ёки давлат таълим ташкилотларини ривожлантиришга сарфланмоқда. Бу рақамлар ўртача олинган бўлиб, аниқ ҳисоблаб чиқилганда, кўп ёки кам чиқиши ҳам мумкин. Мен бу рақамларни таълим хизматлари кўрсатишда хусусий секторнинг аҳамиятини тушунтириш учун келтириб ўтдим. Шунингдек, нодавлат таълим ташкилотларининг жамиятга келтираётган ижтимоий фойдаси (сифатли таълим олиш имкониятлари, рақобат муҳити, банд бўлган ота-оналарнинг меҳнат унумдорлиги, уйдаги барқарор ва соғлом вазият, жиноятчиликнинг камайиши ва бошқалар) юқоридаги фойданинг камида 8-10 баробарига тенг бўлиши хориж тажрибасида исботланган.
– Пандемия бутун дунёда кузатилмоқда. Ушбу жараёнда хорижий давлатларда хусусий таълим секторига қандай ёрдам кўрсатилаётганлиги ўрганилдими ?
– Албатта, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ҳукуматга хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича таклиф киритилишидан аввал хорижий тажриба ўрганилган. Кўпгина давлатлар ўз имкониятидан келиб чиқиб ёрдам кўрсатмоқда. Ривожланган давлатларда эса нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти анча ривожланиб янги босқичга чиққан ва аҳоли даромадининг баландлиги, давлат иқтисодиёти бақувватлиги сабабли улар бу муаммоларни осонлик билан енгиб ўта олади. Айрим ривожланган давлатларда таълим учун ҳар бир болага пул ажратиш тизими йўлга қўйилган. Бунда ота-она ўз хоҳишига кўра фарзандини давлат ёки хусусий мактаб ёки боғчага бериши мумкин бўлиб, бола қаерда ўқиса, давлат ўша таълим ташкилотига маълум миқдорда пул тўлаб беради. Шунинг учун пандемия шароити уларнинг фаолиятига унчалик катта салбий таъсир кўрсата олмайди ёки мисол учун, Россияда пандемия бошланишидан аввал ҳам нодавлат секторга субсидиялар ажратиш тизими мавжуд бўлган. Бизда эса бугунги кунда нодавлат таълим ташкилотларини сақлаб қолиш, уларда фаолият кўрсатаётган педагогларни оғир шароитда қўллаб-қувватлаш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланди.
Нодавлат таълим ташкилотларига кўрсатилиши режалаштирилаётган ёрдам ва берилаётган имтиёзлар хусусий секторнинг инвестицион жозибадорлигини оширади. Пандемиядан кейин ҳам маҳаллий ёки хорижлик инвесторлар Ўзбекистонда нодавлат таълим ташкилотларининг оғир вазиятда ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигига, имкони борича қўллаб-қувватланишига ишонч ҳосил қилишади.
– Нодавлат таълим ташкилотларида берилаётган таълим сифати қандай назорат қилинади ?
– Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўз фаолиятининг илк кунларидан бошлаб нодавлат таълим ташкилотларини текширувчи эмас, балки уларга амалий ва методик жиҳатдан ёрдам берувчи орган сифатида намоён бўлмоқда.
Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш жараёнида уларнинг ўқув режалари ва дастурлари мустақил экспертлар томонидан экспертизадан ўтказилиб хулоса берилади. Ҳукумат қарори билан белгилаб қўйилган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлган тақдирда, таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия тақдим этилади.
Нодавлат таълим ташкилотлари сони ошган сари ўзаро рақобат муҳити шаклланмоқда. Яъни ота-она яхши таълим бермайдиган таълим ташкилотига пул тўлаб фарзандини бермайди. Бу талаб ва таклиф эркин бозор иқтисодиёти талабларига асосан шаклланган. Шунинг учун нодавлат таълим ташкилотларида сифатли таълим берилишидан аввало уларнинг ўзи манфаатдор ва бунинг учун ҳаракат қилишади.
Бундан ташқари, ҳар беш йилда бир маротаба ушбу таълим ташкилотлари давлат аккредитациясидан ўтказилади, яъни улардаги таълим сифати давлат томонидан эътироф этилади.
Шу ўринда пандемия шароитида нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласини ёритиб борган айрим журналист ва блогерларга ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Таълим хизматлари кўрсатувчи хусусий секторга маблағи ва эътиборини қаратган инсонлар юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган фидойи инсонлар десак муболаға бўлмайди. Шундай оғир шароит бўлишига қарамасдан, уларнинг аксарияти ўз ходимларини ойлик билан таъминлашга, болаларга таълим-тарбия беришга қўлидан келганича ҳаракат қилишмоқда. Ўйлайманки, биргаликда бу синовли кунлардан ўтиб оламиз ва яқин келажакда таълим соҳасидаги хусусий сектори ривожланган давлатлардаги каби юртимиз таълимида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган пайтларга келамиз.