Пандемия, инқирозлар даврида халқимиз янада жипслашиши ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканлигини ҳис қилиши лозим
Қарийб ўн ойгача чўзилган ва қачон тугаши номаълум бўлган пандемия шароитида давлатимиз бош ислоҳотчилик вазифасини ўзининг зиммасига олиб, катта миқёсдаги ишларни амалга оширди.
Дунё бўйлаб ҳаво йўллари тармоғи 60 фоиз, меҳмонхона ва туризм соҳаси 70 фоиз даромадидан айрилди. Америкалик таниқли иқтисодчи Нуриел Рубини ҳозирги эпидемия йирик иқтисодий ва геосиёсий инқирозга айланганини ёзади. Унинг сўзларига кўра, коронавирус дунёдаги замонавий сиёсий тартибни бузиб юборди. Узоқ давом этувчи иқтисодий «музлик даври» бошлангач, миллий низолар кучаяди, чегаралар ёпилади, протекционизм ҳукмронлик қилади. Тадбирларнинг кўпчилиги онлайнга ўтказилади, йирик ярмаркалар, фестиваллар бекор қилинади, харидлар асосан интернет орқали ўтади, уйдан туриб ишлаш ва онлайн хизматлар кўрсатиш авж олади. Кўриб турганингиздек, ўрта, олий мактабларда дарслар масофавий тарзда амалга оширилди.
Шу билан бирга, иқтисодий инқироз симптомлари кучаймоқда: жаҳон биржаларида акциялар курси тушмоқда, олтин нархи ошмоқда, халқаро хўжалик алоқалари узилмоқда. Коронавирус пандемияси яқин икки йил давомида жаҳон иқтисодиётини 5,5 трлн. доллардан маҳрум қилади. Бу ҳақда "JPMorgan Chase & Co" таҳлилчиларига таяниб Bloomberg ёзади. Башоратларга кўра, қулаш узоқ давом этмайди, аммо жаҳон иқтисодиёти 2022 йилга қадар аввалги ҳолатига қайта олмайди. «Ҳаттоки мислсиз монетар ва фискал рағбатлантиришлар бўлганида ҳам ялпи ички маҳсулот 2022 йилгача инқироздан аввалги кўрсаткичга қайтмайди», дейилади башоратда.
Коронавирус эпидемияси Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди: ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 5,6 фоиздан анча пастга тушди. Жаҳон банкининг халқаро миграция ва уй хўжаликлари фаровонлиги масалаларига боғлиқ изланишлари натижасига кўра, пул ўтказмалари тўхтай бошласа, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 16,8 фоизга ошади. Бу борадаги фикрлардан дастлабки хулоса шуки, иқтисодиёт тармоқларида онлайн бозор ўсади, бошқа кўп сегментларда инқироз кузатилади. Бу борада суриштирув олиб борган Bloomberg олимлари ва йирик озиқ-овқат компанияларининг хулосасига кўра, ер юзида сурункали очликдан қийналаётганлар сони 800 миллионгача етиши мумкин. Аҳвол Африкада, айниқса Саҳройи Кабир ҳудудида қийин бўлиши кутилмоқда.
ХАЛҚ ИЧИГА КИРИШ НИМАНИ БИЛДИРАДИ?
2020 йил март ойида жаҳонда ва Ўзбекистонда бошланган пандемия халқимиз учун ҳам оғир ва машаққатли кечди. Гувоҳ бўлганимиздек, ёнимизда яшаб юрган фуқаролар ва баъзи етук зиёлиларимиздан ажралдик... Шунча йўқотишлардан кейин нима учун раҳбарият халқ ичига юриш тадбирларига даъват қилди, деган ҳақли савол туғилади. Яқин кунларгача зиёли олимларнинг аксари вилоят ва туманларда маърифий тадбирларни ўтказди ва халқ билан юзма-юз учрашувларда бўлди.
Бундан кўзланган мақсад – маҳаллабай тизимини йўлга қўйиб, ҳар бир фуқаронинг муаммоларни ўрганиш, зарур бўлганларга кредит ёрдамларини уюштириш, одамларга маънавий ва руҳий мадад бериш, келажагига ишонч уйғотиш ва ижтимоий фаолликка ундашдан иборат. Сабаби, халқ ниҳоятда катта куч ва қудрат соҳиби, халқ билан кенгашиб ишласак, елкамизга тушган вазифаларимиз енгиллашади.
Ўзбекистонда ислоҳотлардан нима кутилмоқда, нега қарорлар ижроси секин кетмоқда, биз замон талаби даражасида қачон ўзгарамиз, таълим тизимидан нима кутилмоқда, ренессанс ғояси нега ташланди, вилоятлардаги тарғиботдан нимани кутмоқдамиз, деган бир талай саволлар олдимизда кўндаланг бўлиб қолмоқда. Бу саволларга аниқ, тўғри жавоб топиш ва муаммоларни ечиш бугунги авлод зиммасига тушмоқда.
Халқ ичига кириш олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Пандемия шароитида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси ошди. Нима қилсак, темир дафтар, аёллар дафтари, ёшлар дафтари йўқолади, қандай қилиб ва ниманинг ҳисобига? Ушбу саволларга жамият аъзолари баҳамжиҳатликда бирга жавоб излаши керак. Аслида унинг жавоби мавжуд: инсон ресурси ҳисобига, камбағал оилани фаоллаштириш эвазига оила бюджетини юксалтиришга имконлар яратилади.
МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШДА ШАХСНИНГ РОЛИ ҲАҚИДА
«Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир», дейди Юртбошимиз Маънавият ва маърифат кенгашида сўзлаган тарихий нутқида. Ушбу шиордан кўриниб турибдики, 2021 йил Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида туб бурилиш даври бўлади. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари, деган шиор ҳам барча минбарларда ҳамиша янграб турибди. Жуда ўринли ва топиб айтилган фикр. Аммо энди уни амалга ошириш механизмлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида бош қотириш вақти келди, деб ўйлаймиз. Биринчи ва асосий эътибор таълим соҳасига қаратилиши ҳақидаги Президентимиз даъватида маъно ва мазмун кўп.
Энг катта муаммо таълим тизимидаги нуқсонлар тўпланиб қолганлигида. Буларнинг айримлари ечилди, айримлари тизимнинг туб ўзгаришини кутмоқда. Таълим жамиятга шахсни шакллантириб беради. Бу шахс давлат олиб бораётган ислоҳотлар жараёнларидан бохабар, ҳамқадам ва фаол бўлиши лозим.
Шуни билиш жоизки, фуқаро дунёқараши жамият ва мамлакатда кечадиган жараёнлардан орқада қоладиган бўлса, давлат ҳокимияти томонидан қабул қилинган қонунлар “ишламайди”, ҳар қандай назорат ҳам кутилган натижани бермайди. Қачонки, фуқаронинг дунёқараши ва интилиши амалдаги давлат ҳокимияти фаолиятидан олдинда бўлсагина, миллат ва мамлакат ривожланади, акс ҳолда, жамият ҳаётида битта жойда депсиниш, турғунлик содир бўлаверади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, мактаб, лицей ва институт муаллимларининг маоши оширилиб, жамиятда ўқитувчининг обрў-нуфузини юксалтиришга эътибор қаратилаётгани нақадар тўғри қарор эканлигини ҳозирда англаб етмоқдамиз. Ҳар бир мамлакатнинг тақдири муаллимга, таълим тизимининг сифатига боғлиқ.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўқитувчи – келажак бунёдкори! Илм ва маърифатсиз одам йўлини йўқотиши, орзуларини рўёбга чиқаришига ақли ва тажрибаси етишмаслигини Беҳбудий, Ибрат, Фитрат сингари жадид боболаримиз жуда яхши англашган эди. Жадидлар билган ички оғриқлар орадан юз йил ўтган бўлса ҳамки, миллий ривожланишимизга тўсиқ бўлиб турибди.
“Фикрсизлик – маданият кушандаси, маънавий ўлим! Фикри йўқ одамнинг қиёфаси ҳам бўлмайди”, дейдилар. Фикр йўқ жойда оломонлик ва жоҳиллик кўпчийди. Бу фикримизга дунёда бўлиб ўтаётган фавқулодда ҳолатлар, сиёсий тўнтаришлар гувоҳлик беради. Энг ёмони, ўқимаган, фикрлашни хоҳламаган кишининг фарзандлари ва авлодлари ҳам шундай ҳолга тушади. Ўзбек мактаб тизимининг энг муҳим нуқсони, камчилиги кундалик ҳаётимизда ёшлар ўртасида мустақил фикрига эга бўлмаганларнинг пайдо бўлаётгани ҳодисаси, деб ўйлаймиз. Жамиятда фикр бўлсагина, у янгиланади. Собиқ иттифоқ даврида бўлганидек, қотиб қолган ёки бир хил қолипдаги қарашлар ва фикрлар билан яшаш бир куни жамиятни ҳам иқтисодий, ҳам маънавий таназзулга олиб келади. Бизга яхши маълумки, Европа иқтисодий тараққий этишидан олдин унинг фикри ва санъати, фалсафаси тараққий этди, у ижтимоий фикрга, инсон ҳақ-ҳуқуқига туртки ва қувват берди, хилма-хил “ўзлик”лар, маърифатпарварлик юришлари орқали хилма-хил ғояларга йўллар очилди.
ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ КУЧАЙТИРИШ ЙЎЛИ
Исломободдаги илмий-тадқиқот маркази профессори, доктор Фаррух Салимнинг фикрича, Халқаро ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлатда 500 та университет, АҚШда 5578 та университет, бир миллион мусулмонга 230 нафар олим, АҚШда 4000, Японияда 5000 олим тўғри келар экан.
Мусулмон дунёси илм-фанга ялпи ички маҳсулотининг 0,2 фоизини, Ғарб эса 5 фоизини сарфлайди. Буюк Британияда бир миллион кишига ҳар йили 2000 та янги китоб чоп этилса, Мисрда бир миллион аҳолига 20 та китоб чоп этилади, демак, 100 баравар кам китоб ўқилади. Сингапур экспортининг 58 фоизи юқори технологияларга тўғри келса, Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоир экспортининг 0,3 фоизи шундай технологияларга тўғри келар экан, илм-фан, технологиялардан тўла фойдаланиш ва фойда кўриш ҳисобига АҚШ ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 18, Хитой 16, Япония 4,2, Германия 3,4 триллион долларлик маҳсулотни ишлаб чиқармоқда. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 давлатнинг бир йиллик умумий ЯИМ 3 триллион долларга ҳам бормайди.
Ўсмир-ёшларимизни сифатли таълимдан маҳрум этар эканмиз, биз уларни келажакдан маҳрум қилган бўламиз. Фуқарога илм бериш, дунёқарашини ўзгартириш инсонийлик, юртсеварлик туйғусини сингдиришда таълим даргоҳларининг ўрни беқиёс. 2020 йилда кечган коронавирус баҳонасида таълим тизимимиз ҳам тубдан қурилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан, мамлакатимизнинг илм-фан сектори 100 дан ортиқ академик ва тармоқ илмий муассасаларидан иборат бўлиб, ҳозирги кунда 65 та илмий-тадқиқот институти, 31 та илмий марказ (шундан 14 та ихтисослаштирилган илмий-амалий марказ) ва 8 та бошқа турдаги илмий ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонни 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлатлари қаторига киритиш бўйича улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилингани қувонарли ҳолдир.
Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазири алмашди ва янгичакреатив фикрлайдиган раҳбар тайинланди. Соҳада даврга мос оҳангда чуқур ислоҳотлар юз бериши ва коррупцион ҳолатларнинг камайиши кутилмоқда. Демакки, инсон капиталига ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга муносабат ҳам кескин равишда ўзгаради.
РEНEССАНС ДАВРИ МАКТАБДАН БОШЛАНАДИ
Тарихий Ренессанс (уйғониш, янгидан туғилиш)нинг асосий аломатлари: тафаккурда ва илму ижодда догматизм, жаҳолат ва мутаассибликни ёриб ўтиб, инсонни улуғлаш, унинг истеъдоди, ақлий, фикрий имкониятларини юзага чиқаришдир. Бизга маълумки, XVII асрдан истилочилар дунёни, жумладан, Шарқ мамлакатларини бирма-бир бўйсундиргач, биринчи навбатда Қуръоннинг нуфузи ва мақоми пасайтирилди.
Руҳият илми, қалб фикрлари, комиллик, донолик, тўғрилик сари интилиш мусулмон оламида иккинчи даражага тушиб, нафс технологиялари биринчи ўринга чиқарилди. «Сенинг биринг икки бўлмайди, маънавий бой бўлиш кимга ҳам керак: болаларинг эртага оч қолади. Сен моддий бой бўлгин, қалб тарбиясини йиғиштир, моддиюнчиликка интил, ягона йўл шудир», деган ғарбона ғояни мустамлакачилар сингдириш жараёнини кучайтирдилар. Шунда Қуръондан аста-секин чекиниш бошланди, чунки одамлар очкўзлиги туфайли озгина бой бўла бошлади. Ғарб ғоялари ва технологиялари ахлоқ ва маънавиятдан кучли чиқди! Шарқ олами қалб ва нафснинг ўзаро курашида боши ерга тегди – ютқазди. Шунда Шарқнинг таназзули чуқурлашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий тараққиётимиз Учинчи Ренессансининг асосларини яратиш борасидаги ўта муҳим, айни пайтда, мураккаб ва шарафли вазифани кун тартибига қўйганлиги тўғри бўлди, деб ҳисоблаймиз. Ҳа, миллат ва халқ манфаатларини ўзида жамлаган, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар олдимизда турибди. Ўз ўрнида айтиш жоизки, ҳокимият бошқарувининг замонавий услубларидан айрим маҳаллий раҳбарлар, ҳокимларнинг бехабарлиги, бошқарувни дўқ уриш ва қўрқитиш услублари билан амалга оширилиши собиқ шўролар даврида шакллангани бизга аччиқ мерос бўлиб қолаётир...
Бугун бу услубларни механик равишда қабул қилаётган кадрларнинг ва мамлакатимизда камбағалликда ҳаёт кечираётган аҳоли қисмининг мавжудлиги шароитида Учинчи Ренессанс ҳақида фикр юритиш тўғримикин, деган саволни бераётганлар ҳам топилади. Шуни таъкидлаш зарурки, Марказий Осиёда содир бўлган иккала Ренессанснинг бирортаси ҳам фуқаролар фаровон яшаган, ҳокимиятда барқарор бошқарув тизими ишлаган даврда содир бўлмаган. Уларнинг барчаси жамиятда қарама-қаршилик ва муаммоларнинг мавжудлиги, ҳокимият учун қарашлар ранг-баранглиги, аҳолининг қашшоқлашган ҳолатларида давом этаётган шароитда рўй берганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлаб турибди.
Мисол учун, Хоразмда IX-XII асрларда содир бўлган бўлган биринчи ренессанс тарихига назар солсак, V-VII асрларда ўлкани босиб олган араблар буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг ёзиб қолдиришича, «уларнинг лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим ал Бахилий Хоразмийларда мавжуд бўлган фанларни ўрганган кишиларни йўқ қилган ва ҳар қандай азобларга дучор этган, сўнгра хаттотларни йўқотган, дин пешволарини ўлдирган, уларнинг китоблари ва ўрамаларини ёқиб юборган, натижада Хоразмликлар деярли саводсиз бўлиб келишган ва улар керак бўлган барча билимларни фақат хотираларида сақлашга мажбур бўлишган».
Шунда маърифатпарвар ал-Маъмун ташаббуси ва фаол ҳаракати туфайли ренессанснинг асоси бўлган Маъмун академияси 1004 йилда ташкил топди. Академия атиги ўн уч йил (1004-1017) фаолият кўрсатди. У XI асрда Марказий Осиё Иккинчи Ренессанс марказига айланишини таъминлаб берди. Бу даврда сарой нотинч, ташқи хавф-хатарлар кучайган давр бўлишига қарамасдан, ўз халқининг истиқболини ўйлаган маърифатпарвар Хоразмшоҳ Маъмун Академияни тузган ва олимларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Олимлар амалга оширган аниқ фанлардаги кашфиётлар ўн аср давомида бутун инсониятга хизмат қилиб келиш бараварида, ўзбек халқининг жаҳон миқёсидаги нуфузини дунёга тараннум этмоқда.
Бу тарихий маълумотларни келтиришимиздан мақсад бугун Президентимиз томонидан Учинчи Ренессанс асосларини яратиш ҳақидаги ғояларини ўз вақтида қўйилган вазифа эканлигини яна бир бор таъкидлашдир. Агар бугун мавжуд муаммоларни ҳал қилганимиздан сўнгра Ренессанс ҳақида бош қотирамиз, деган фикрга келсак, битта жойда депсиниб туришдан, муаммолар кўламининг янада кенгайишидан нарига ўта олмаймиз.
Юртбошимиз 2020 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган Ёшлар форумида «Ёшлар кичик саноат зоналари» ниташкил этиш, ҳудудларда «Лойиҳалар фабрика»ларини ишга тушириш, «Ёшлар мурожаати» электрон платформасини яратиш ҳақида ишонч билан гапирди.
“Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!» деган йўл-йўриқлар ҳам берилди.Бу келажак авлодга билдирилган юксак ишончдан далолатдир. «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак», деди Президентимиз Ш.Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Парламентга ва халқимизга қилган Мурожаатида.
Шунингдек, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ҳақида ҳам гапирилди. Бизнингча, ренессанс асосларини яратиш қуйидаги муҳим вазифаларни ўз ичига олади: а) илм, маърифат ва маънавиятни юксак даражада ривожлантириш учун мактабга катта маблағни сарфлаш; б) маблағларни ўзлаштирадиган замонавий тафаккур салоҳиятига эга бўлган, фидоий, ватанпарвар тадқиқотчилар ва етук маърифий тарғиботчиларнинг армиясини шакллантириш; в) илм, фан ва маърифат соҳасида қўлга киритилган натижаларни мамлакат тараққиётига, миллат ва халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтира биладиган таваккалчи тадбиркорлар ва ноанъанавий (креатив) услубига эга бўлган бошқарувчиларни топиш; г) Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқи бозори (ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, шунингдек, кино, адабиёт ва санъатга оид муаллифлик ҳуқуқи эгаларига сотилган, телеэфирга узатилган маҳсулотларига доимий ҳақ тўлаш)ни шакллантириш ҳамда республикамизда илмий натижаларни, ихтироларни тижоратлаштиришнинг самарадор механизмини яратиш; д) болаларнинг қалб тарбиясини шакллантириш, ақлий меҳнатга ўргатиш, эътиқодини кучайтириш кўникмаларини мактабдан бошлаш; е) «устоз-шогирд» анъанасини тиклаш ва янада кучайтириш.
Ҳозирги кундабиринчидан,таълим тизимининг жамиятдаги амалий эҳтиёжлардан узилиб қолганлиги,ижтимоий фанлар (инсон қалби, бой маънавий олами ва эътиқодини шакллантиради)нинг камайиб бораётганлиги, таълим, фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлашкаби муаммоларнитезроқ ечишимиз, иккинчидан, халқ руҳини кўтарадиган миллий кино ва санъат асарларини кўпроқ яратиш (ғарб кинолари телевидениени эгаллади) зарур. Мисол учун Қоракўл халқаро математика мактаби раҳбари ҳақида ҳужжатли фильм яратилса, ёшларимиз учун фойдали бўларди. Дейлик, машҳур шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов шахсининг нозик қирраларини очиб берадиган тарбиявий кинолар йўқ. Олдинги пайтларда Зулфия, Мукаррама Турғунбоева ҳақида зўр фильмлар яратилганига шоҳидмиз. Учинчидан,ўрта синф ва янги сиёсий элитани шакллантириш, тўртинчидан, замонавий хизматлар сони ва сифатига эътиборни кучайтириш. Пандемиядан кейин давлатимиз раҳбари янги хизматларни ва иш ўринларини очишга улкан маблағ ажратди. Сабаби шуки, пандемия шароитида ўнлаб касблар йўқолиб, яна шунча касблар пайдо бўлмоқда. Чет элда эса хизматлар кўрсатиш иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланган. Дунёда сервис соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўртача 61 фоизни ташкил этса, мамлакатимизда у 36 фоиз, лекин 86 фоиз қўшилган қиймат шу соҳада яратилади. Демак, мамлакатимиздаги олий ўқув даргоҳлари ҳам хизматлар ва сервисга оид мутахассисликларни очиши мақсадга мувофиқ. Чунки хизматларда кам харажат билан ишлаб чиқаришга қараганда 3-4 баравар кўпроқ фойда олиш мумкин.
Ҳозирда онлайн хизмат кўрсатувчи компаниялар учун 6,16 млн. ўқувчига эга Ўзбекистон – йирик таълим бозоридир. Пулдор инвестор ва тадбиркорлар келажакни олдиндан кўра олса, таълим улар учун пул тикадиган кучли соҳа бўлади. Замон шитоб билан тезлашмоқда. Яқин йилларда «рақамли дарслик», «виртуал сумка», «онлайн мактаб», «рақамли диплом», «рақамли ўқитувчи» каби атамалардан кенг фойдалана бошласак ҳеч ажабланмаймиз.
ХУЛОСА ЎРНИДА
2017 йилда очилган Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ҳамда жойларда Оммавий қабуллар давлат ва жамиятни янада яқинлаштириб, кундалик турмушимизда тўпланган кўплаб муаммоларни тезликда ҳал этиш механизмига айланмоқда.Халқимизни рози қилиш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида мижозбай, маҳаллабай, секторбай ва туманбай сингари бошқарув механизмлари ишга туширилгани яхши самара келтирмоқда.
Дарҳақиқат, жаҳонда кечаётган тиббий пандемия, иқтисодий инқирозлар даврида халқимиз янада жипслашиши ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканлигини ҳис қилиши кейинги йиллар ривожланишининг бош омили ҳисобланади. Асосий қонунимиз 128-моддасининг фуқаролар томонидан амалда қўлланилиши (бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп) натижасидаХитойда 1980 йилларда бўлганидек, кичик ва катта фаровонлик босқичлари босиб ўтилишидан барчамиз умидвормиз. Миллий ривожланишнинг олтин қоидаси шуки, қонун устувор бўлгандагина, мамлакат ва халқ тараққий қилади.
Бундан узоқ асрлар муқаддам Сзи-Чун исмли шогирдининг «Давлатни қандай бошқармоқ даркор», деган саволига хитойлик машҳур файласуф Конфуций қуйидагича жавоб берган эди: «Давлатни тўғри бошқармоқ учун ҳукмдор – ҳукмдорлигича, амалдор – амалдорлигича, ота – оталигича, ўғил – ўғиллигича қолмоғи лозимдир». Демак, жамиятнинг ҳар бир фуқароси ўзинингкундалик вазифасини билган ва уддалаган, ҳалол ва покиза бажарган тақдирдагина, ютуқларимиз бардавом бўлади.
Юртбошимиз Мурожаатида янграган “Жамият ҳаётининг жони ва руҳи маънавият”, деган фикрлари доно халқимизнинг ички руҳини кўтарадиган ва далда бўладиган ажойиб чақириққа айланиб улгурди.
Алишер Навоий бобомиз инсон маънавиятига даҳлдор буюк орзуларининг мамлакатимиз бўйлаб тантана қилажагидан башорат қилиб, шундай деган эканлар: «Қила олғунча ул бўлсин шиоринг, Ки яхши от қолғай ёдгоринг».
Бахтиёр ОМОНОВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, сиёсий фанлар доктори.