Ўзсаноатқурилишбанк: 3 та халқаро номинация ғолиби бўлди
Лондон шаҳрида бўлиб ўтган “Euromoney Awards for Excellence 2026” халқаро танловининг тақдирлаш маросимида Ўзсаноатқурилишбанк бирданига учта нуфузли номинация бўйича Ўзбекистон банклари орасида ғолиб деб топилди.
Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк “Ўзбекистоннинг энг яхши банки”, “Ўзбекистоннинг энг яхши корпоратив банки” ҳамда “Ўзбекистоннинг ESG соҳасидаги энг яхши банки” каби номинацияларга эга бўлди.
Мазкур мукофотлар SQBнинг барқарор молиявий ўсиши, корпоратив банкингдаги юқори натижалари, халқаро капитал бозорларидаги фаол иштироки ҳамда ESG тамойилларини бизнес жараёнларига самарали татбиқ этаётганининг халқаро даражадаги эътирофи бўлди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил якунларига кўра, банкнинг жами активлари 97,2 триллион сўмдан, умумий капитали 10,2 триллион сўмдан ошди. Кредит портфели 71 триллион сўмни, депозитлар ҳажми эса 32,1 триллион сўмни ташкил этди. Соф фойда 1,5 триллион сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 38 фоизга ўсди.
Корпоратив бизнес SQB фаолиятининг стратегик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳисобот даврида Корпоратив марказ орқали янги мижозлар жалб қилиниб, уларга индивидуал ёндашув асосида комплекс молиявий ечимлар таклиф этилди. Бу эса корпоратив мижозлар базасининг кенгайиши, кредит портфелининг диверсификация қилиниши ҳамда бизнес учун кўрсатилаётган хизматлар кўламининг янада бойишига хизмат қилди.
Барқарор ривожланиш банк стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳисобот даврида SQBнинг “яшил” кредит портфели 654,3 миллион АҚШ долларига етди. Банк инфратузилмаси EDGE халқаро сертификатига эга бўлди, экологик менежмент тизими эса ISO 14001 халқаро стандарти талабларига мувофиқ деб топилди. Шунингдек, “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги томонидан ESG рейтинги берилган Ўзбекистондаги банк сифатида эътироф этилди.
SQB халқаро капитал бозорларида ҳам ўз позицияларини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. 2025 йил октябрь ойида банк биринчи даражали қўшимча капитал облигацияларини (АТ1) Лондон фонд биржасига муваффақиятли жойлаштирди. Мазкур битим халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва банк-молия тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган муҳим воқеалардан бири бўлди.
Шунингдек, SQB “Franklin Templeton” компанияси бошқарувидаги Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) таркибидан ўрин олган банк сифатида халқаро корпоратив бошқарув стандартлари асосидаги трансформация жараёнларини давом эттирмоқда. 2026 йил май ойида UzNIF глобал депозитар тилхатларини Лондон фонд биржасининг асосий бозорида жойлаштириб, Ўзбекистон капитал бозорлари ривожида янги саҳифа очган халқаро оммавий акциялар таклифи (IPO)ни амалга оширди.
Бугунги кунда мазкур трансформация корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса SQBнинг инвестициявий жозибадорлиги, рақобатбардошлиги ва халқаро молия бозорларидаги мавқеини янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратмоқда.
“Euromoney Awards for Excellence 2026” танловида қўлга киритилган ушбу натижа SQBнинг мамлакат етакчи молия институтларидан бири сифатидаги мавқеи, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, барқарор ривожланиш ва халқаро молия бозорларига интеграциялашув борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро экспертлар томонидан муносиб баҳоланганини яна бир бор тасдиқлади.
“Euromoney Awards for Excellence” – банк ва молия институтлари учун таъсис этилган халқаро молия соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири ҳисобланади. Танлов ғолиблари молиявий натижалар, бизнес моделининг самарадорлиги, корпоратив бошқарув сифати, инновацион ривожланиш, мижозларга хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда молия соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси асосида ҳар томонлама баҳоланади.
Г.Бобоева,
ЎзА