Маҳсулотларимиз жаҳон брендлари билан рақобатлаша олади
Бугун Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуасида электроника, электротехника ва инновацион технологиялар соҳасига бағишланган "E-TechExpo-2026" халқаро кўргазмасининг иккинчи куни доирасида тадбирлар давом этмоқда.
Унда маҳаллий ва хорижий компаниялар ўз маҳсулотлари, янги ишланмалари ҳамда ишлаб чиқариш имкониятларини намойиш этмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, кўргазмада ўз маҳсулотлари ва салоҳиятини тақдим этаётган компаниялардан бирининг ижрочи директори Олимхон Анваровга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.
– Бугунги кунда қандай маҳсулотлар ишлаб чиқаряпсмзлар, бу борада имкониятлар қандай?
–Компаниямиз ташкил этилганига саккиз йил бўлди. Шу давр мобайнида ишлаб чиқариш ва савдо фаолиятимизни изчил кенгайтириб келяпмиз. Бугунги кунда 700 дан ортиқ моделдаги маҳсулотларимиз мавжуд. Уларнинг ҳар бири турли техник хусусият ва жиҳозланиш вариантларига эга. Корхонамизда 300 нафардан зиёд ходим меҳнат қилади, мамлакатимизнинг 12 та ҳудудида дистрибьюторларимиз фаолият юритади.
Маҳсулотларни ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Бунинг учун Келесда 26 гектар майдонни эгаллаган заводимиз мавжуд. Бугунги кунда телевизор, кондиционер, музлаткич, микротўлқинли печ, чангютгич ва бошқа маиший техника воситаларини ишлаб чиқаряпмиз.
– Компания маҳсулотларини хорижий бозорларга олиб чиқиш борасида қандай натижаларга эришилмоқда? Экспорт географиясини кенгайтириш режалари қандай?
–Ҳозирги кунда Туркия, Тожикистон, Афғонистон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик қиляпмиз. Хусусан, жорий йил октябрь ойида Афғонистонда ўтказилган халқаро кўргазмада иштирок этиб, маҳсулот етказиб бериш бўйича ҳамкорлар билан йиллик шартномалар туздик. Бу мамлакат бозорида маҳсулотларимизга талаб юқори ва ҳамкорликни янада кенгайтириш учун имкониятлар етарли.
Ушбу кўргазмада иштирок этишдан ҳам мақсадимиз янги ҳамкорлар топиш ва экспорт географиясини кенгайтиришдир. Тадбир якунига қадар 10 дан ортиқ шартнома имзолашни режалаштирганмиз. Келгусида бошқа давлатлар бозорларига ҳам кириб бориш ниятимиз бор.
– Бугунги бозорда рақобат кучайиб бораётган бир шароитда маҳсулотларингизнинг сифат ва нарх жиҳатидан рақобатбардошлигини таъминлаш учун нималарга эътибор қаратяпсизлар?
–Бугунги бозорнинг асосий талаби сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотдир. Биз ишлаб чиқариш жараёнида айнан шу икки жиҳатга устувор аҳамият қаратамиз. Мақсадимиз аҳолининг турли қатламлари учун замонавий маиший техникалардан фойдаланиш имкониятини яратиш.
Масалан, кондиционерларимиз Ўзбекистон иқлим шароити ва электр кучланиши билан боғлиқ муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилган. Электр кучланиши 110-120 вольтгача пасайган ҳолатда ҳам улар ишлашда давом этиб, хонани совута олади. Телевизорларимиз Full HD форматда бўлиб, замонавий веб-сервисларда ишлаш имкониятига эга.
Маҳсулотларимиз жаҳоннинг машҳур брендлари билан рақобатлаша оладиган техник имкониятларга эга. Шу билан бирга, уларни анча ҳамёнбоп нархларда таклиф қиляпмиз. Чунки истеъмолчи сифатли маҳсулотни харид қилиш учун ортиқча маблағ сарфламаслиги керак.
–Корхона фаолиятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий масъулият йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани маълум. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
–Корхонамизда ижтимоий масъулият масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Жумладан, кам таъминланган оилалар вакилларидан 60 нафардан ортиғини иш билан таъминлаганмиз. Бу орқали уларнинг бандлигига кўмаклашишга ҳаракат қиляпмиз.
Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия тадбирларини ҳам ўтказиб келамиз. Жорий йил 28 октябрь куни 12 та хонадонни зарур маиший техника воситалари билан таъминладик. Бундан ташқари, яқинда 300 та хонадонга микротўлқинли печлар тарқатдик.
Бизнингча, корхона фаолияти фақат маҳсулот ишлаб чиқариш ва савдо ҳажмини ошириш билан чекланмаслиги керак. Аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшиш, янги иш ўринлари яратиш ва эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш ҳам тадбиркорликнинг муҳим вазифаларидан биридир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.