Ўзбекистон - Польша: халқаро юк ташувлари ва транзит имкониятлари кенгайтирилади
Ўзбекистоннинг халқаро транспорт-логистика тизимидаги иштирокини кенгайтириш, Европа бозорлари билан самарали ташув йўналишларини шакллантириш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш борасида халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.
Айниқса, Европа темир йўл тизимига интеграциялашув, янги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва юк ташиш географиясини кенгайтириш бугунги куннинг долзарб йўналишларидан ҳисобланади.
Ана шу мақсадларга қаратилган навбатдаги музокаралар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев ва Польша давлат темир йўллари бошқаруви раиси Алан Беруд бошчилигидаги делегация ўртасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат темир йўллари ўртасидаги ҳамкорликни амалий жиҳатдан янги мазмун билан бойитиш, ўзаро юк ташиш кўрсаткичларини ошириш ва халқаро логистика занжирларидаги иштирокни фаоллаштиришга доир таклифлар илгари сурилди.
Аввало, томонлар мавжуд юк оқимларини кўпайтириш билан бир қаторда, янги ташув йўналишларини ўзлаштириш масаласига тўхталди. Бунда рақобатбардош тариф сиёсатини шакллантириш ва мунтазам контейнер поездлари ҳаракатини ташкил этиш орқали ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Музокараларнинг яна бир муҳим йўналиши Осиё ва Европа ўртасидаги транзит имкониятларини кенгайтиришга қаратилди. Хусусан, Хитойдан Ўзбекистон орқали Европа томон йўналтириладиган юкларнинг ташиш самарадорлигини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шу ўринда “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли қурилиши алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши минтақанинг халқаро транспорт тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, янги транзит йўлакларини очиш ва юк етказиб бериш жараёнларини янада тезлаштириш учун кенг имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Учрашувнинг амалий натижаси сифатида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Польша давлат темир йўллари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Эришилган келишувлар икки давлат темир йўллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш билан бирга, халқаро юк ташувлари бозорида янги ҳамкорлик йўналишларини ўзлаштириш, мультимодал логистика хизматларини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг Европа билан транспорт алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА