Озод Солиев: Ватанимиз тараққиёти бизга чексиз ғурур бахш этади(+видое)
Бугун дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилаётганватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг юрт равнақига қўшаётган ҳиссасини ошириш, хорижда туғилиб-ўсаётган ёшларимиз миллий ўзликни асраб-авайлашини таъминлаш ҳукуматимизнинг доимий эътиборида. Америка Қўшма Штатларида яшаб, ватандошларни бирлаштириш, уммон ортида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини тарғиб қилиш ҳамда Ватан билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида фаолият юритаётган “Vatan Global Alliance” жамияти раиси Озодбек Солиев билан суҳбатимиз шу ҳақда.
“Vatan Global Alliance” – ватандошларни бирлаштириш майдони
– Озодбек ака, аввало, “Vatan Global Alliance” жамиятининг ташкил этилиши ва асосий мақсади ҳақида гапириб берсангиз.
– “Vatan Global Alliance” жамоаси Америка Қўшма Штатлари ва Канадада истиқомат қилаётган ўзбекистонликларни ягона ғоя ва умумий мақсадлар атрофида бирлаштириш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, талаб ва истакларини қўллаб-қувватлашга интилади.
Америкадаги ўзбеклар ҳаётида улкан ўзгаришлар юз бермоқда
– 2003 йил АҚШга борган экансиз. Ўша давр билан солиштирганда, у ердаги ўзбекистонликлар ҳаёти ва юртимиз ҳақидаги тасаввурида қандай ўзгаришни кўрасиз?
– 2003 йиллар бошида Америкада ватандошларимиз жуда кам эди. Биз билган тўрт-беш оила бор эди, холос. Бугун вазият бутунлай бошқача. Масалан, Филадельфиянинг ўзида қарийб 45 000 ўзбекистонлик яшайди. Бошқа штатларда ҳам ватандошларимиз кўп. Умуман, ҳозир АҚШда тахминан 650 000 ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда.
Асосий фарқ шундаки, авваллари хорижга асосан ишлаб, тажриба орттириб, кейин Ватанга қайтиш мақсадида борилган. Бугун эса ватандошларимиз турли ривожланган мамлакатларда ўрнини топиб, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан ривожланмоқда. Фарзандларимиз нуфузли таълим масканларида ўқияпти. Улар орасида турли соҳа вакиллари бор. Яқин тўрт-беш йил ичида Сенат ва Конгрессда ҳам вакилларимиз бўлса, ажабмас.
“Миллат шавкати” – ватандошларни бирлаштирган ташаббус
– Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан сиз бошчилигингизда АҚШ ва Канадада яшаётган қарийб 600 нафар ўзбекистонлик томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома йўлланди. Бу ташаббус қандай пайдо бўлди?
– Биз “Миллат шавкати” номли, Президентимизга бағишланган китобнинг Нью-Йорк ва Филадельфия шаҳарларида тақдимотларини ўтказдик. Кўтаринки руҳда ўтган, Ўзбекистондан борган сенаторларимиз Абдусаид Кўчимов ва Ҳусан Эрматовлар ҳам иштирок этган тадбирларда ватандошларимиз ўз фикрларини билдирди.
Тақдимотдан чексиз таассурот олган ватандошларимиз ўз миннатдорлигини изҳор этиш мақсадида давлат раҳбарига мурожаатнома йўллаш ташаббусини илгари сурди. Биз эса хатни Президентимизга етказдик.
Янги Ўзбекистон — хориждаги ватандошлар нигоҳида
– “Миллат шавкати” китоби тақдимотидан сўнг Ўзбекистон фуқароси бўлмаган ёки бошқа миллат вакилларининг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурида ўзгаришлар сезилдими?
– 12 асардан иборат китобда Янги Ўзбекистон қандай барпо этилаётгани жуда содда ва тушунарли тилда баён қилинган. Менимча, асарнинг асосий жиҳати ҳам шунда.
Бугун мен Ислом цивилизацияси марказида бўлдим: таассуротимни сўз билан ифодалаш қийин. 8-9 йил ичида шундай улкан маскан яратилгани кишини ҳайратга солади. Мажмуада амалга оширилган ишлар элимиз нуфузи ва миллий ғуруримизни юксалтирмоқда.
Менимча, бу масканга кирган ҳар қандай инсон Ўзбекистонга, ўзбек миллатига ҳурмат ва таъзим туйғуси билан чиқади. Бунга ўзим амин бўлдим.
Ёшлар – миллий ўзликни сақлашнинг асосий кучи
– АҚШда мустақилликдан аввал ёки истиқлол йиллари борган ҳамюртларимиз ва табиийки, ўша юртда туғилган ёш авлодимиз ҳам бор. Улар орасидаги фарқ нима? Хорижда ўсаётган ўғил-қизларимизни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш учун нималарга эътибор қаратиш керак?
– Америка ҳаёт тарзи Ўзбекистондагидан фарқ қилади. Яъни, уммон ортида яшаётган ватандошларимиз айрим анъана ва қоидаларга бошқачароқ қараши табиий. Бугун фарзандларимиз тарбиясида энг кўп эътибор қаратилаётган масалалардан бири – она тилимизга муносабат.
Бу борада ташқи муҳитнинг таъсири кучли. Шу боис ота-оналар, жамоатчилик билан алоҳида ишлаяпмиз. Ўзлигимиз, тарихимиз ва тилимизга ҳурматни асраш жуда муҳим. Ўсаётган авлод икки-уч тилда бемалол гаплашади. Бу, албатта, катта имконият ва маданий бойлик.
Яқинда Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов билан ҳам учрашдик. У киши билан ёшларимиз, болаларимиз учун оромгоҳлар ташкил этиш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш, миллий маданиятимиз билан яқиндан таништириш масалалари муҳокама қилинди.
Мақсадимиз – ёшлар қалбида Ватанга меҳр уйғотиш. Улар диёримизга келиб, унутилмас таассурот олсин, “Қачон яна Ўзбекистонга бораман?” деган туйғу билан яшасин. Бу миллий ўзликни сақлашнинг энг самарали йўлларидан бири, деб ўйлайман.
“Ўзбекистонга ҳар гал келганимда янги ўзгаришларга гувоҳ бўламан”
– Ўзбекистонга тез-тез келасиз ва Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларни кўриб, муайян таассурот оласиз, албатта. Бу туйғуни Америкадаги ватандошларга қандай етказасиз?
– Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда ўнлаб ўзгаришларга гувоҳ бўламан. Янгиликларни санаб улгурмайман. Янги шаҳарлар, мавзелар барпо этилмоқда, тарихий масканлар тикланмоқда, маданий мажмуалар яратилмоқда.
Бир неча кун олдин Имом Бухорий мажмуасида бошқа миллат ва давлатлардан келган юзлаб меҳмонларни кўрдим. Масканнинг буюклиги, бугунги кундаги кўрки ва нуфузи ҳар бир юртдошимизни қувонтиради.
Мен Америкада доим “Бухорий, Мотуридий, Термизийлар юртиданман”, дея фахрланаман.
Бундай ўзгаришлар Ўзбекистонга қизиқишни янада кучайтирмоқда. Қайтганимдан сўнг видео лавҳалар ва суҳбатлар орқали таассуротларимни ватандошларим билан бўлишаман, албатта.
Ёшларимиз Ватанимизни дунёга танитади
– Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек ёшлари яшаб, таълим олиб, меҳнат қилмоқда. Уларга қандай тилакларингиз бор?
– Ёшларимизга тилагим – аввало илм олишсин, ўз иқтидори билан юртимизни дунёга танитишсин.
Америка Қўшма Штатлари 250 йиллигини нишонламоқда. Бизнинг тарихимиз эса уч минг йилдан зиёд. Ёшларимиз Мирзо Улуғбек, Амир Темур, Мотуридий каби буюк аждодлар давомчиси эканликларини англаб етиши керак. Шундай буюк тарихга эга халқлигимизни мудом ёдда тутишимиз шарт.
Қаерда бўлмайлик, қайси давлат ёки шаҳарда яшамайлик, Ватанимиз бир зум ҳам хаёлимиздан кўтарилмасин. “Vatan Global Alliance” жамоаси ташкил этилишининг асосий сабаби ҳам шу. Хорижга қандай режа билан борганлигимиздан қатъи назар, чет элда туриб бўлса-да, жонажон Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш вақти келди.
Мен доим ватандошларимизга айтаман: Бугун Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлардан четда қолмайлик. Ватанимиз тараққиёти биз учун юксак ғурур.
ЎзА мухбири Нозимжон Мардонов суҳбатлашди