“Ўзэнергоинспекция” қоидабузарликларга қарши назоратни кучайтирмоқда
Электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мамлакат бўйлаб тизимли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, ушбу назорат тадбирлари давомида бир қатор ҳудудларда энергетика ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Хоразм вилоятида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро А.М.га қарашли сув насослари орқали электр энергиясидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолати фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида 765 миллион сўмлик зарар етказилган.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ўтказилган назорат тадбирида эса фуқаро S.Z.га қарашли бинода табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Натижада газ таъминоти корхонасига 200,4 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги энергетика объектларида таъмирлаш ишлари жараёнида хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилмаган ҳолат қайд этилди. Мирзаобод туманида ҳаво тармоғида иш олиб бораётган бригада иш жойини тўлиқ тайёрламасдан, қоидаларга зид равишда фаолият юритгани сабабли улар иш жойидан четлатилди.
Мазкур ҳолатлар энергетика ресурсларидан фойдаланишда қонунчилик талабларига риоя этиш ҳамда хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий амал қилиш муҳим эканини яна бир бор тасдиқламоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА