Солиқ тизимидаги ўзгариш ва имтиёзлар
Андижонда “Солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш: тадбиркорлар учун янги имкониятлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоят солиқ бошқармаси томонидан солиқ тизими мутахассислари, электрон ва босма оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган анжуманда мамлакатимиз солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, тизимдаги янгиликлар, солиқ тўловчилар учун яратилган имтиёз ва афзалликларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорликни жадал ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар, хусусан, хўжалик субъектлари даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил олиб борилаётганлиги таъкидланди.


Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Асрорбек Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.
Жумладан, кичик бизнес субъектлари учун солиқ тўлаш тартибларини янада қулайлаштириш, қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигини соддалаштириш орқали бизнеснинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган мазкур фармон тадбиркорларни қийнаб келаётган, уларнинг очиқ ва шаффоф фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган қатор масала ва муаммоларни ечимини топишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишларига тўсқинлик қилаётган қатор ҳолатларга чек қўйиш мақсадида 2026 йил 1 июндан кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдор 1 миллиард сўмдан қарийб 5 миллиард сўмгача оширилиши белгиланди.
Ушбу ўзгаришдан тадбиркорлар хурсанд, албатта. Айни пайтда вилоятда йиллик товар айланмаси 5 миллиард сўмдан кам бўлган 13 минг 171 та солиқ тўловчи хўжалик субъекти бўлиб, эндиликда улар ихтиёрий равишда айланмадан олинадиган солиқ тўлаш режимига ўтишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолияти умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорларга ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг 12 фоизли ставкаси билан биргаликда соддалаштирилган тартибини қўллаш ҳуқуқи ҳам берилди.
Соддалаштирилган тартибда ушбу соҳалар учун ҚҚС ставкаси 6 фоиз белгиланиб, фойда солиғидан озод қилган ҳолда ҳисобот топшириш мажбурияти бекор қилинди.
Анжуманда журналистлар солиқ тўловлари бўйича берилган имтиёз ва қулайликлар, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Анжуман якунида солиқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, солиқ органлари фаолиятини ёритишдаги самарали ҳамкорлиги учун бир гуруҳ журналист ва блогерлар солиқ бошқармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари