“Ўзэнергоинспекция”: Ҳудудларда муаммолар бартараф этилиб, электр тармоқлари янгиланмоқда
Сўнгги кунларда мамлакатимиз ҳудудларида электр таъминоти сифатини яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини модернизация қилиш, шунингдек, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишлар янада жадаллашди.
Бу борада “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳудудларда ўрганишлар ўтказилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари назоратга олинмоқда ҳамда аҳолини сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида электр таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ҳудудда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кўздан кечирилиб, белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди.

Хусусан, “Ўзбекистон” фидерини иккига ажратиш орқали электр юкламасини камайтириш ва истеъмолчиларга янада сифатли ҳамда барқарор электр энергияси етказиб беришга қаратилган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 6 ва 30-сонли трансформатор пунктларида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари ўрганилиб, уларни белгиланган муддатларда якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Қаҳрамон маҳалласидаги 816-сонли трансформатор пункти тўлиқ таъмирланди. Электр таъминоти ишончлилигини янада ошириш мақсадида эскирган ёғоч устунлар ҳамда электр узатиш кабелларини темир-бетон устунлар ва SIP русумидаги изоляцияланган кабелларга алмаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Ўрганишлар давомида электр таъминоти тизимидаги яна бир муҳим масалага ҳам эътибор қаратилди. Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида 110/35/10 кВли “Ўрда” подстанциясидаги икки дона 25 МВА қувватли куч трансформатори ўта юклама билан ишлаётгани аниқланди. Муаммони бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ захирасидан икки дона 40 МВА қувватли куч трансформатори келтирилиб, Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси ва “Ўзэнергоинспекция” назорати остида уларни ўрнатиш ишлари бошланди. Бу ишлар электр тармоқларининг ишончлилигини ошириш ҳамда аҳолини сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

–Айни кунларда Президентимиз топшириқлари ижроси доирасида Шароф Рашидов туманида электр тармоқларини модернизация қилиш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Хусусан, Учтепа маҳалласи ҳудудидаги “Марказ” фидерининг 17-сонли трансформатор пунктида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Шу билан бирга, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Жиззах ҳудудий филиалига зарур электр техник материаллари етказиб берилди. Мутахассисларимиз электр тармоқларини модернизация қилиш, трансформатор пунктларини таъмирлаш, эскирган таянч ва симларни янгилаш ҳамда янги электр узатиш тармоқларини қуриш ишларини босқичма-босқич амалга оширмоқда. Айни пайтда ишчи гуруҳлар барча зарур материаллар билан таъминланиб, белгиланган ҳудудлардаги иш жойларига бириктирилган, – дея таъкидлади инспекция ахборот хизмати раҳбари Наврўзбек Норбобоев.
Шу билан бирга, энергия ресурсларидан қонуний ва оқилона фойдаланиш устидан назорат ҳам кучайтирилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро М.К.га қарашли насос станцияси электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Ушбу қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 856 миллион сўмлик зарар етказилган. Бундай назорат тадбирлари энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда энергетика тизимида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА