Илм – маърифат чироғи
Бугунги таҳдидлар кучайган замонда асл қадриятларни сақлаб, ёшларни тўғри йўналтиришнинг самарали йўли нимада?
Ҳар нарса ўз аслича гўзал. Аслиятга путур етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу маънода миллатни миллат сифатида шакллантирадиган, унинг бор маҳобатини намоён этадиган энг асосий омил маънавиятдир. Бироқ маънавият ҳам турли хавф ва хатарлардан ҳоли эмас. Негаки, ғоявий хуружлар авж олган бугунги мураккаб замонда энг шафқатсиз ва яширин ҳужум айнан маънавият ва маърифатгадир. Бироқ маънавий пойдевори мустаҳкам, маърифий қуроллари кучли миллатлар асл маърифатини сақлаб қолишга муваффақ бўладилар. Хусусан, ўзбек миллати ҳам маънавият карвонининг азалий сарбонидир. Бу шунчаки баландпарвоз хулоса эмас, балки тарих чиғириғидан ўтган мўътабар ҳақиқатдир. Ҳа, бу ҳақиқат чинакамига мўътабар. Бунинг исботи бугун ҳам тафаккурли инсонларнинг кўзгусида аксланмоқда.
Афсуски, қадриятларимиз қаддини букишга, маърифатимиз чашмасини лойқатишга уринаётган унсурлар ҳам йўқ эмас. Бундай унсурларнинг таъсири муқаддас тупроқ, муҳтарам ота-она каби тушунчалар моҳиятини тўлақонли англашга интилмаётган айрим ёшлар орасида сезилмоқда. Ваҳоланки, ушбу икки омил маънавият чироғининг энг ёрқин шуълаларидандир. Албатта, бундай ёшларни ҳам мутлақо айблаш фикридан йироқмиз. Зотан, юқорида таъкидлаганимиздек, бугун атроф бамисли тўлқинлари турли томонга шиддат билан мавж ураётган денгиз кабидир. Бундай мураккаб вазиятда муносиб оқимда сузиш ҳам аслида мушкул жараён. Шуни ҳисобга олган ҳолда ёшлар онгига маънавиятимиз дарахтини чуқурроқ илдиз оттиришимиз талаб этилади. Шундагина бугунги ислоҳотлар, ватанимиз келажаги йўлида қўйилаётган муҳим қадамлар моҳиятини ёшларимиз теранроқ англай бошлашади. Хусусан, узоққа бормай яқин тарихдаги жадидлар ва уларнинг қарашларини муносиб тарғиб қила олсак, маърифат қўрғони нақадар улуғ ва азиз эканлиги ойдинлашади.
Таъкидлаш лозимки, бугунги мақсадларнинг негизида аввало маънавиятимиз жозибасини асраш, бой маърифий меросимизни келажак авлодга соф ҳолда етказиш мужассамдир. Бу давлатимиз раҳбари илгари сураётган ташаббусларда ҳам ўз аксини топмоқда. Масалан: “Жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Уни қанча кўп ўргансак, бугун бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз”. Президентимиз ўз нутқларидан бирида шундай деган эди. Дарҳақиқат, биз ишора қилаётган, маънавиятимиз учун хавфли бўлган унсурлар жадидларимизни ҳам жиддий ташвишга солган. Улар шундай унсурларга қарши курашда ҳатто ўз ҳаётини тикканлар. Биз буларни чуқур ўргансак, аниқ чора кўриш имконига эга бўламиз. Масалан, эркинлик, инсон ҳуқуқ-манфаатларининг муносиб ҳимояси ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоясидан кўзланган асосий мақсад ҳам айни жадидларнинг орзу ва ғояларида мужассам. Бироқ бунга бизнинг муносабатимиз ва ёндашувимиз қандай бўлмоғи керак? Шу муҳим жиҳат. Айтайлик, ўз ҳуқуқларини яхши англаган фарзанд ота-онасига бўйсунмаслиги керакми? Ёки муқаддас замин, ватани учун жон куйдирмаслиги керакми? Бундай оғриқли масалаларга айнан маърифатпарвар боболаримиз меросларида ечимлар мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, миллатнинг маънавий олами ҳамиша мусаффо ва аслича сақланиши шарт. Яъни инсоният турмуши учун яратилаётган қулайликлар ҳам, ижтимоий қоидалар ҳам қадриятларнинг бузилишига сабаб бўлмаслиги лозим. Зотан, ҳар қандай қонун негизида фақат маърифат мужассамдир. Буни англаш ва ҳаётимизга тўғри татбиқ қилиш учун ҳар биримиз масъул эканимизни унутмаслигимиз талаб этилади. Бунга биргина илм, мунтазам китоб ўқиш орқали эришишимиз мумкин. Зеро, улуғларимиз айтганидек, илм – маърифат чироғи.
Шербек Исломов, ЎзА