Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси мақсадлари қўллаб-қувватланади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ёшлар имкониятларини кенгайтириш орқали рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш” қўшма лойиҳаси кенгашининг йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш лойиҳаси бўйича 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар натижалари кўриб чиқилди.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган ушбу лойиҳанинг 2023 йилдаги асосий натижалари таҳлилига кўра,
13 та ҳудуддан 304 нафар ёш хотин-қиз бизнес-жараёнларни рақамлаштириш бўйича ўқитилган. Бу эса уларга ўз тадбиркорлик ташаббусларини янада самарали бошқариш имконини берди.
Шунингдек, 160 нафар ёшнинг стартапи, жумладан, 35 нафар хотин-қиз бизнес таълими ва ривожланиши соҳасида қўллаб-қувватланди ва бу уларнинг бозордаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шу билан бирга, 853 нафар қишлоқ ёшларининг рақамли билим ва кўникмаси мустаҳкамланди. Бу уларга иш билан таъминланиш ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш имкониятини яратди.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида стартаплар учун бизнес-инкубация ва акселерация дастурларини ишга тушириш ва юритиш бўйича 3 та методик қўлланма ишлаб чиқилди ҳамда венчур молиялаштириш ва стартап экотизимини ривожлантириш масалалари бўйича давлат-хусусий мулоқотининг 4 та сессияси ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасида қулай рақамли муҳитни яратиш ва Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун институционал имкониятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, тадбирда лойиҳа бўйича 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги сарҳисобига ҳам эътибор қаратилиб, галдаги режалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА