Ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорга кредит бўйича енгиллик берилиши мумкин
Марказий банк раиси аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида банк хизматларидан фойдаланиш, кредит маблағларини жалб этиш, молиялаштириш ва тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатлар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳар бир мурожаат амалдаги қонунчилик, банк тизимидаги тартиб-таомиллар ҳамда мурожаатчининг молиявий ҳолати ва лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги инобатга олинган ҳолда алоҳида кўриб чиқилмоқда.

Жумладан, тиббиёт хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркор замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш мақсадида 10 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиш масаласини кўтарди. Унга кредит ажратиш имконияти инвестиция лойиҳасининг самарадорлиги, тадбиркорнинг молиявий барқарорлиги, тўлов қобилияти ҳамда кредит таъминотига оид талаблар асосида тижорат банки томонидан баҳоланиши тушунтирилди.
Шунингдек, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор фаолият олиб бораётган бинода ёнғин содир бўлгани сабабли кредитнинг асосий қарзи бўйича тўловларни уч ой муддатга кечиктириш ҳамда ушбу даврда фақат фоиз тўловларини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқишни сўради.

Мазкур мурожаат юзасидан тадбиркорнинг жорий молиявий аҳволи, зарар кўлами ва фаолиятни қайта тиклаш имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда кредит тўловлари жадвалини амалдаги қонунчилик ҳамда банкнинг ички тартиблари доирасида қайта кўриб чиқиш бўйича тегишли масъулларга топшириқ берилди.
Учрашув якунида ҳар бир мурожаат бўйича аниқ масъуллар белгиланиб, уларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш ва назорат қилиш вазифаси юклатилди. Қайд этилганидек, бундай очиқ мулоқотлар аҳоли ва тадбиркорларнинг банк тизимига оид муаммоларини тезкор ҳал этиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА