Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши ислоҳоти халқаро даражада баҳоланмоқда
Ўзбекистонда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Аксилкоррупция тармоғи доирасидаги Истанбул ҳаракатлар режасининг 5-давра мониторинги иккинчи босқичи бошланди. Ушбу жараён мамлакатда коррупцияга қарши сиёсатнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда халқаро стандартга мувофиқлигини аниқлашда муҳим босқич ҳисобланади.
Мониторинг бошланиши муносабати билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ИҲТТ Котибияти мониторинг гуруҳи раҳбари Иван Пресняков билан учрашди. Суҳбатда жараённи самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Мониторингни ИҲТТ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Украина, Латвия ва Литва экспертлари олиб боряпти.

Бу галги баҳолашда коррупцияга қарши сиёсат, манфаатлар тўқнашуви ва мол-мулкни декларация қилиш, коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш, бизнес ва давлат харидида ҳалоллик, суд ва прокуратура мустақиллиги, коррупцияга қарши ихтисослашган институтлар ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик каби тўққизта устувор йўналиш бўйича 2025 йил амалга оширилган ишлар таҳлил қилиняпти.

Тадбирнинг расмий очилиш маросимида кейинги йилларда амалга оширилган қонунчилик ва институционал ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2025-2026 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган янги қонунчилик ўзгаришлари миллий тизимни янада мустаҳкамлагани таъкидланди. Шунингдек, миллий қонунчиликда илк бор “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчаси ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, бундай жиноятларни содир этган шахсларнинг Электрон реестри жорий этилди.

Мониторинг доирасида комплаенс-назорат тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳам халқаро экспертлар эътиборида бўлади. Янги қонунчиликка мувофиқ, комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат бўлинмаларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди. Барча давлат идоралари ва ташкилотларда шундай бўлимлар ташкил этиш белгиланиб, ушбу тузилмалар мустақил фаолият юритиши учун қўшимча кафолат яратилди.


Эслатиб ўтамиз, Истанбул ҳаракатлар режасининг 2024 йил ўтказилган биринчи босқич мониторинги якунига кўра, мамлакатимиз аксил коррупция сиёсати Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори баҳо олган эди. Бу галги мониторинг натижаси асосида халқаро экспертлар Ўзбекистон учун янги тавсиялар, техник кўмак бўйича таклифлар ишлаб чиқиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА